Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: Учқўрғонда 213 оила яраштирилди
11:12 / 2022-07-06

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро Т.И. турмуш ўртоғи Н. Д .билан ажрашган. Ўртадаги икки норасида бола она қарамоғида қолган.

Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг қарори билан ота ҳар ойда алимент тўлаб бориши белгилаб қўйилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими иш юритувига келиб тушган ҳужжат ижросини таъминлаш мобайнида давлат ижрочиси томонидан қарздор ота бир неча маротаба огоҳлантирилади. Масъулиятни ҳис этмаган қарздор ота эса турли баҳоналар билан фарзандлари учун алимент тўламай келади. Қарздорлик оз эмас, кўп эмас 31 миллион сўмга етади.

– Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан ўтказилган сайёр судда қарздор отага 15 суткалик маъмурий қамоқ белгиланди, – дейди МИБ Учқўрғон туман бўлими бошлиғи Аброрбек Холматов. – Шу куни ўтказилган судда ана шундай тоифадаги тўрт кишига нисбатан суд қарори эълон қилинди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаган фарзандлари учун алимент маблағни қасддан тўламай келаётган 49 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ белгиланган. Маъмурий қамоқдан сўнг ҳам хулоса қилмаган бир нафар қарздор отага жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

Бюродан маълум қилинишича, бугунги кунда МИБ туман бўлими иш юритувида 1 минг 820 та алимент билан боғлиқ ҳужжат мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида Учқўрғонда салкам 6 миллиард сўм алимент ундирилиб, алимент олувчиларга очилган пластик карталарга ўтказиб берилиши таъминланди.

“Қушнинг ини бузилмасин”, деганларидек алимент тўловлари бўйича олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 213 оилани яраштиришга эришилди. 116 нафар алимент тўловчи ишсиз фуқаронинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА