Тошкент шаҳридаги Юридик техникуми битирувчи ёшлари Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган «Очиқ эшиклар куни»га ташриф буюрди. Ёшлар бошқарма ҳамда туман бўлимларининг иш фаолияти билан танишди.
Дастлаб, бўлажак ҳуқуқшуносларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари фаолияти ҳақида тушунтиришлар берилди. Таъкидланганидек, Бюро органлари томонидан ижтимоий, мулкий ва номулкий характерга эга бўлган ижро ҳужжатлари таъминланиб келинмоқда. Бюро органларининг фаолияти ўзига хос қизиқ ва мураккаб жараён бўлиб, бу ерда хизмат қилиш ҳам масъулиятли, ҳам шарафлидир.

Шунингдек, бўлажак ҳуқуқшунослар бошқарманинг 1 ва 2 туманлараро бўлимлари фаолияти билан танишди. Фақат электрон тарзда иш юритилаётган мазкур бўлимлар фаолияти уларда катта қизиқиш уйғотди.
Битирувчи ёшлар Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлимидаги иш жараёнларини ҳам кузатди. Самимий суҳбатларга бой бўлган «Очиқ эшиклар куни» уларда катта таассурот уйғотди.
ЎзА