Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ўтган йили қарийб 6 триллион 767 миллиард сўмлик ижро ҳужжатларининг бажарилишини таъминлади.
Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати матбуот анжуманида маълум қилинди.

Якунланган йил ҳудудий ва туманлараро бўлимлар давлат ижрочилари иш юритувида бўлган 9 триллион 739 миллиард 870 миллион сўмлик 922 минг 571 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириб, 6 триллион 766 миллиард 822 миллион сўмлик 589 минг 777 та ижро ҳужжатини тамомлади.
– Таҳлилларга кўра, ўтган йил 2024 йилга нисбатан бошқарма органларига қарийб 153 минг ҳужжат кўп келиб тушган ва аввалги йилга нисбатан 29 фоизга ошган, – дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Абдуллаев. – Ҳисобот даврида шундан 590 мингтасининг ижроси таъминланди. Бу 2024 йилга нисбатан 174 мингтага кўп демакдир. Мазкур ҳужжатларнинг 312 мингдан зиёди ёки 1 триллион 970 миллиард сўми давлат фойдасига ундирувларни ташкил этди. Жиноят оқибатида давлатга етказилган зарарларни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича 4,9 миллиард сўм, солиқ қарздорлигини ундиришга доир 44 минг 920 та ижро ҳужжати бўйича 1 триллион 785 миллиард сўм, жиноий жарималарни ундиришга доир 341 та ижро ҳужжати бўйича 6 миллиард 203 миллион сўм, маъмурий жарималарни ундиришга доир 192 минг 733 та ижро ҳужжати юзасидан 102 миллиард 363 миллион сўм, давлат божи ундирувига оид 70 минг 764 та ижро ҳужжати бўйича 66 миллиард сўм ундирилди.

Анжуманда қайд этилдики, юридик ва жисмоний шахслар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатларини тугатиш юзасидан ҳам муайян ишлар бажарилди. Хусусан, юридик шахслар фойдасига 125 минг 448 та ижро ҳужжати бўйича 1 триллион 334 миллиард 254 миллион сўм, шу жумладан, коммунал таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари фойдасига 8 минг 78 та ҳужжат асосида 57 миллиард 425 миллион сўм, сув таъминоти корхоналари фойдасига 5 минг 917 та ҳужжат бўйича 6,1 миллиард сўм, кўп қаватли уйларни бошқарувчи корхоналар фойдасига 3 минг 790 та ҳужжат асосида 3 миллиард 440 миллион сўм, тижорат банклари фойдасига 23 минг 726 та ҳужжат бўйича 705 миллиард 754 миллион сўм, жисмоний шахслар фойдасига алиментдан ташқари 12 минг 93 та ҳужжат бўйича 106 миллиард 968 миллион сўм ундириб берилди.

МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси ва ҳудудий органлари алимент ундируви билан боғлиқ 28 минг 182 та ижро ҳаракатларини олиб борди. Алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ 37 минг 177 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 8 минг 995 та ҳужжати тугатилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 241 миллиард сўм, алимент олувчиларнинг пластик карталарига 130 миллиард сўм ундирилиши таъминланди. Алимент олувчиларга бюронинг махсус “Алимент тўловлари жамғармаси” ҳисобидан 123 та ҳолатда 2 миллиард 558 миллион сўм тўланди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар, алимент қарздорларига нисбатан эълон қилинган қидирувлар, алимент тўлашдан бош тортган қарздорларга кўрилган чоралар, суд ҳужжатлари асосида фуқароларни ишга тиклаш ва иш ҳақларини ундириш, бузилган бино-иншоот ва уй-жойлар учун компенсация пулларини ундириш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири