Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: Сурхондарёда 415 минг 879 ижро ҳужжати ижроси таъминланди
14:31 / 2025-01-25

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармасининг ўтган йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида бошқарма ва ҳудудий бўлимлари йил давомида 6 триллион 208 миллиард 131 миллион сўмлик ижро ҳужжатлари ижросини таъминлагани қайд этилди.

Вилоятда 9 триллион 105 миллиард 547 миллион сўмлик 658 минг 769 та ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, давлат ижрочилари 415 минг 879 та ҳужжат ижросини таъминлаган. Ўтган йил бошқарма ва унинг қуйи органларига 2023 йилга нисбатан 220 мингга яқин кўп ҳужжат келиб тушган бўлса-да, 2024 йил қарийб 139 минг кўп ҳужжат ижроси таъминланиб, амалда ундирув 27 фоизга ортган.

Йил давомида фуқаролар фойдасига 90,5 миллиард сўм, давлат фойдасига 212 минг 855 миллиард сўм ундириб берилган.

Жиноят оқибатида давлатга етказилган зарарларни ундиришга оид ижро ҳужжатлари бўйича 344 миллион, солиқ қарздорлигини ундиришга доир 729 миллиард, жиноий жарималарни ундиришга оид 4 миллиард 437 миллион сўм, маъмурий жарималарни ундиришга доир 70 миллиард 406 миллион сўм, давлат божи ундирувига доир қарийб 50 миллиард сўм ундирилиши таъминланган.

Бундан ташқари, юридик шахслар фойдасига коммунал таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари фойдасига 49 миллиард 786 миллион сўм, тижорат банклари фойдасига 12 минг 904 та ҳужжат асосида 1 триллион 23 миллиард 700 миллион сўм ундирилган. 66 ишчи-ходим ишга қайта тикланган. Асоссиз ишдан бўшатилиб, ишга тикланган ишчи-ходимларнинг 2 миллиард 800 миллион сўм иш ҳақи, 133 ишчи-ходимнинг ўз вақтида тўлаб берилмаган 2 миллиард 848 миллион сўмлик ойлик иш ундирилиши таъминланган.  

Масалан, Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатида Шеробод туманидаги “Шеробод текстиль инвест” масъулияти чекланган жамияти 16 ишчининг 42 миллион сўмга яқин иш ҳақини ўз вақтида тўлаб бермагани маълум бўлди. Мазкур ижро ҳужжати доирасида тезкор мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, корхонанинг барча ҳисоб рақамларига банд солинди. Бешта автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинди.  Кўрилган таъсир чораларига қарамасдан корхона раҳбари ишчиларнинг ойлик иш ҳақларини тўлаб бермагани учун 3 миллион 400 минг сўм маъмурий жаримага ҳам тортилди. Натижада уларнинг иш ҳақи ундириб берилди.  

Якунланган йил давлат ижрочилари воҳада 33 минг 910 та алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳаракатларини олиб борди. 33 минг 910 та алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 8 минг 249 та ҳужжат иш юрутувдан тугатилди. Янги йилда 25 минг 661 та ижро ҳужжати юзасидан ижро ҳаракатлари давом этмоқда. Шу даврда моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 173 миллиард сўм, шу жумладан, алимент олувчиларга олдиндан тўлов сифатида 6 миллиард 226 миллион сўм ундирилиши таъминланди. МИБ ходимлари ташаббуси ва жамоатчилик вакиллари иштироки билан иш юритувда бўлган 2 минг 996 та ижро ҳужжати оила вакилларининг ярашгани сабабли тугатилган.  

 - Ўтган йил махсус “дафтар”ларга 62 миллиард 900 миллион сўм йўналтирилди,­ - дейди МИБ вилоят бошқармаси масъул ходими Қобилжон Турсунов. ­ - Бунда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” махсус жамғармаларига ўтказиб бериладиган ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур жамғармаларга улуш ажратилиши белгиланган тоифадаги амалда ижроси таъминланган ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган 125,9 миллиард сўм бошқарма органлари ҳисоб рақамларига келиб тушгач, унинг тенг ярми мутаносиб равишда махсус "дафтар"лар жамғармаларига ўтказиб берилди.  

Матбуот анжуманида алимент тўлашдан бўйин товлаганларга кўрилган чоралар, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган турар-жойлари ва бино-иншоотлари учун ундирилган компенсация маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири