Мажбурий ижро бюроси органлари иш юритувига келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш гоҳида осон кечмаслиги бор гап. Айниқса, ота ёки она бағрида юрган болаларни суд ҳукми билан у ёки буниси тарбиясига олиб бериш жуда қийин.
Бош прокуратура ҳузуридаги Бюронинг Наманган шаҳри бўлими иш юритувидаги шундай мазмундаги ҳужжат ижроси оз эмас кўп эмас нақд 8 соатдан ошиқроқ вақтда ижобий якунига етди. Яъни, 6 ёшли жажжигина қизалоқ она тарбиясига берилди. Бола уй ичидаги шкафдан топилгандан сўнг онага қайтарилди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 29 ноябрдаги варақасига асосан, қарздор Н.М. дан икки нафар вояга етмаган фарзандни ундирувчи Ж.О. фойдасига олиб бериш белгиланган.
Шу йилнинг 11 март куни олиб борилган мажбурий ҳаракатлардан сўнг катта фарзанд она тарбиясига олиб берилган. Лекин қарздор Н.М. эса кичик фарзандини бергиси келмай суд ҳукмини ихтиёрий бажаришдан бош тортиб, беркитиб юради.
Шундан келиб чиққан ҳолда МИБ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан қидирув эълон қилиниб, кузатув ишлари олиб борилади. Бу ишлар самара бериб, 12 август куни бола отаси билан Наманган шаҳридаги кўп қаватли яшаш хонадонига келади. 13 август куни давлат ижрочиси, бошқарма маъсуллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида яшаш хонадонига борилганда қарздор ва унинг оила-аъзолари болани бермаслик мақсадида турли баҳоналарни излашади. Ўртадаги тала-тўплардан сўнг мажбурий ижро ҳаракат пайтида болани беришмайди. Шундан сўнг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда болани шкаф ичига яшириб қўйилгани аниқланди. Топилган болакай психолог кўригидан ўтказилиб, она бағрига эсон-омон топширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА