Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида бюро органларида рақамлаштириш ва амалиётга татбиқ этилаётган янгиликлар юзасидан маълумот берилди.
Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда замон талабидан келиб чиқиб, ҳар бир соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2024 йилнинг 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлмоқда.
Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси органларида рақамлаштириш соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида замонавий электрон хизматлар жорий этилган. Мисол учун фуқароларга чиқарилган суд ёки бошқа маъмурий органлар қарорлари бугунги кунда тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда қабул қилинмоқда.

Хусусан, МИБ томонидан ишлаб чиқилган mib.uz мобил иловаси орқали фуқаролар ўзларига тегишли ижро ишлари, қарздорликлар ва чекловлар ҳақида маълумот олишлари мумкин. МИБ қарздорларга ижро ишлари, чекловлар ва бошқа муҳим маълумотлар ҳақида “mib” белгиси билан “SMS” хабарлар юбориб огоҳлантиради.
Қолаверса, mib.uz сайти орқали фуқаролар қатор хизматлардан фойдаланиб келишмоқда. Қарздорликни текшириш, ижро мониторинги, республикадан чиқишга чеклов, алимент ҳужжатлари, қайта ижрога топшириш, таранспорт ва кўчмас мол-мулкларни текшириш кабилар ана шулар жумласидан. Шунингдек, Телеграм бот (@mibuzrasmiy_bot) орқали ҳам мурожаат қилувчи ўзига тегишли ижро ишлари тўғрисида тўлиқ маълумот олиши мумкин. Электрон порталлар ва интеграция тизимида МИБнинг электрон хизматлари “МИБ портал” дастури орқали 35 та ташкилотнинг 63 та йўналишдаги ахборот тизимларига интеграция қилинган. Бу, ўз навбатида, ижро ҳужжатлари юритуви, айланмаси ва ижро этиш босқичларини электрон тарзда амалга ошириш имконини беради.

МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарор ва бошқа ҳужжатлар жисмоний шахсларга – уларнинг ЯИДХПдаги (my.gov.uz) шахсий кабинети ва юридик шахсларга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши кўрсатилди.
Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярими миқдоридаги пул маблағлари фуқароларнинг қарздорликлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад этиб белгиланди. Бундан ташқари, МИБ ижро ҳужжатларига доир маълумотларни қамраб олган Мажбуриятлар реестрини юритиши кўзда тутилди.
Шунингдек, қонун ҳужжатларига мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш чоғида давлат ижрочилари томонидан мобил видеокузатув воситаларидан фойдаланилиши мумкинлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Матбуот анжуманида журналистлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари соҳага оид саволларга атрофлича жавоб олди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.