Қумқўрғон туманидаги “Агросервис МТП 2017” масъулияти чекланган жамиятидан икки ходимининг 80 миллион 289 минг 191 сўм иш ҳақи ва ўз вақтида тўланмаган солиқ тўловларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари МИБ Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бўлими иш юритувига қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Бу жараёнда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан қарздор жамиятнинг ҳисоб рақамларига банд солиниб, мол-мулкларини аниқлаш мақсадида мутасадди ташкилотларга сўровномалар юборилди. Мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида қарздор жамиятнинг “Комбайн 2366” махсус техникаси борлиги аниқланиб, хатловга олинди. Жамият раҳбари белгиланган ихтиёрий муддатда қарздорлик бартараф этилмаса техника воситаси онлайн аукцион савдолари орқали реализация қилиниши ҳақида огоҳлантирилди.
Суд ҳужжатлари ижроси белгиланган муддатда бажарилмагач, хатлаб олинган “Комбайн 2366” махсус техника воситаси 184 миллион 189 минг 59 сўм бошланғич нарх билан онлайн аукцион савдосига чиқарилиб, 250 миллион 497 минг 120 сўмга сотилди. Мазкур маблағ ундирувга қаратилгач, дастлаб икки ишчининг 80 миллион 289 минг 191 сўм иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилди. Қолган пул маблағи суд қарорига асосан корхонанинг тўланмаган солиқ қарздорлигига йўналтирилди.
Иброҳим Авазов,
МИБ Қумқўрғон тумани бўлими давлат ижроси ХМ.