Қарз ўз вақтида тўланмаса, ўртадаги муносабатларнинг бузилишига сабаб бўлади.
Айримларнинг имконияти бўла туриб, қарзни вақтида тўламаслиги оқибатида, турли муаммоли ҳолатларга, чигал вазиятларга олиб келишга сабаб бўлмоқда.
Мажбурий ижро бюросининг Юнусобод туман бўлими иш юритувига худди шундай муаммоли иш келиб тушди.
Унда фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг 29.08.2022 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Ш.Раҳимовадан ундирувчи “К.К.Гроуп” микрокредит ташкилоти фойдасига 51,3 млн. сўм миқдорида кредит қарздорлигини ундириш белгиланган эди.
Қарздор фуқаро микрокредит ташкилоти фойдасига олинган кредит қарздорлигини ўз вақтида тўламагани баён этилган. Мажбурий ижро бюросининг иш юритувидаги мазкур суд буйруғига асосан бўлим давлат ижрочиси У.Амонов томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди. Қарздор фуқарога тегишли бўлган "Malibu 1" автомашинаси қарз эвазига хатлаб олинди.
Ҳозирда мазкур кредит қарзини қоплаш мақсадида автотранспорт воситасини аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.
ЎзА