Мажбурий ижро бюроси (МИБ), Бош прокуратура, ИИВ билан ҳамкорликда қарздорликларни ундириш бўйича йўлларда рейдлар ўтказмоқда.
МИБнинг пойтахт бошқармаси, Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ички ишлар бош бошқармаси томонидан пойтахт кўчаларида ўтказилган рейдлар давомида бюро органлари иш юритувидаги турли тоифадаги қарздорликлар бўйича ундирув ишлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг банклардан олинган кредит қарздорлигини ундириш бўйича қонунчилик доирасида таъсир чоралари кўрилмоқда.
Қарздор ҳайдовчилардан тўловларни ундириш ва ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш мақсадида қидирувда бўлган транспорт воситалари аниқланиб, вақтинча жарима майдонларига жойлаштирилмоқда.
Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувидаги ижро ҳужжатлари асосида 184,2 миллион сўмлик қарз бўйича 77 автотранспорт воситаси аниқланган. Шундан 26 нафар қарздор 66 миллион сўм қарзини тўлади.
51 нафар қарздор банк ва бошқа тўловларни жойида қопламагани сабабли уларнинг автотранспорт воситалари хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Бундай тезкор рейдлар аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ижтимоий масъулиятни кучайтириш ва қарздорликларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилмоқда.
МИБ Андижон вилояти бошқармаси томонидан суд ва бошқа органлар ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда махсус ускуна ёрдамида қарздорлиги мавжуд бўлган автомашиналар тезкор тарзда аниқланиб, белгиланган тартибда чоралар кўрилди.
Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб ўтказилаётган тадбирлар давомида 27,7 миллиард сўмлик 137 автотранспорт воситаси топилиб, жарима майдонларига жойлаштирилди.
Топилган автотранспорт воситаларининг 56 таси, яъни жами 26 миллиард сўм қийматдаги автомашиналар банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ишларига тааллуқлидир.
Қарздорликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаслиги автотранспорт воситаларининг электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилишига сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан қарздорларга тушунчалар берилмоқда.
МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирларда 8 миллиард сўмликка яқин қарорлар бўйича 126 автотранспорт воситалари махсус жарима майдончаларига жойлаштирилган.
1,3 миллиард сўмлик қарздорлик ундирилган. Қарздорликни қопламаган шахсларнинг автомашиналари аукцион савдоларига чиқарилади.
Ҳозирда бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА