Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органлари томонидан ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликларни ўз вақтида бартараф этмаган шахслар номидаги мол-мулкларни аниқлаш борасида тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
– Бюро органлари томонидан амалга оширилган қидирув ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 7,5 мингга яқин шахсга нисбатан қидирув эълон қилинди, - деди МИБ қидирув бўлими бош инспектори Ҳожиакбар Ҳайдаров. – Тезкор қидирув тадбирлари давомида улардан 4,6 мингдан зиёди топилди. Қидирув эълон қилинган шахсларнинг асосий қисмида алимент қарздорлиги мавжуд бўлган. Топилган шахсларга нисбатан мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилди. 3 минг нафарга яқин қарздорни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу шахсларнинг ярмидан кўпроғи республика ҳудудида яшириниб юрган бўлса, қолгани хорижий давлатларга турли мақсадларда чиқиб кетган.
Бюронинг Дўстлик тумани бўлими томонидан фарзандлари таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб, давлат ижрочиси ҳузурига келишдан бош тортиб юрган қарздор Д.А.га нисбатан муқаддам қидирув эълон қилинган эди. Алимент тўловларидан қарзи 20 миллион сўмдан ошиб кетган фуқаро Д.А. Тошкент шаҳридан Дўстлик туманидаги отасининг уйига келганлиги аниқланди. Дўстлик тумани бўлими давлат ижрочилари у билан учрашиб, ижро ҳаракатларини олиб бормоқда. Алимент тўловларини ундириш ва фарзандларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият қатъий давом этмоқда.
Яна бир ҳолатда, Термиз туманида яшовчи эркак Ш.Т. билан Тошкент шаҳрида яшовчи аёл Н.Ж. биргаликдаги турмушидан 2011 йилда қиз фарзанд дунёга келган. Бироқ 2019 йилда эр-хотин ажрашган. Ш.Т. ишлаш учун чет элга кетган ва фарзанд таъминоти унинг зиммасига суд қарори билан юклатилган.
Ариза асосида очилган aлимент тўлови иши МИБ Термиз тумани бўлими иш юритувига олинган. Ўрганишлар давомида қарздор отага нисбатан қидирув эълон қилинди ва уни топиш учун чет элга халқаро сўровлар юборилди. Халқаро қидирувлар натижасида топилган Ш.Т.га 6 йиллик aлимент қарздорлиги 78 миллион сўмдан ошгани тушунтирилди. Давлат ижрочиларининг саъй-ҳаракатлари билан қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилаётган вақтда Ш.Т. ўзига тўғри хулоса чиқарди ва фарзандининг моддий таъминоти учун aлимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди. Тўлов амалга оширилгач, Ш.Т. фарзанди ва собиқ турмуш ўртоғини қийин вазиятда қолдиргани учун афсусда эканлигини билдириб, алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб боришга ваъда берди.
Қарздорликлар ичида давлат божи, солиқдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрайди.
Масалан, МИБнинг Навбаҳор тумани бўлими иш юритувига "С.С." фермер хўжалигидан 459,4 миллион сўмлик солиқ ва 21,3 миллион сўмлик давлат божи қарздорликларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор "С.С." фермер хўжалигининг раҳбарига қарздорликни ихтиёрий тўлаш учун бир неча бора огоҳлантириш берилди. Бироқ қарз қайтарилмади.
Давлат ижрочиси томонидан фермер хўжалигининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, барча мулкларига тақиқ қўйилди. Фермер хўжалигига тегишли “Li9” русумли автотранспорт воситасига нисбатан қидирув эълон қилинди. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида автомобиль Навоий шаҳар ҳудудидан топилиб, автотураргоҳга жойлаштирилди.
Бундан кўриниб турибдики, қонуний асосда зиммасига юкланган мажбуриятдан ҳеч ким қочиб қутила олмайди. Шундай экан, қарзни вақтида тўлаб қўйиш кераклигини унутманг.
Норгул Абдураимова, ЎзА