Музработ туманида яшайдиган Саид Бурхонов (исм-шариф ўзгартирилди) икки марта оила қуриб, ажрашади. Уч нафар фарзандли бўлган отага суд қарори билан жигаргўшалари вояга етгунича моддий таъминлаш юклатилади. Бироқ, у алимент тўлашдан бўйин товлаб юради.
МИБ Сурхондарё вилояти Музработ туман бўлими давлат ижрочилари қарздор отага нисбатан тегишли ҳужжатни расмийлаштириб, қидирув эълон қилган. Қидирув жараёнида Саид Бурхонов Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги автомашина бозори ҳудудидаги кузатув камераларига тушиб қолгани аниқланиб, бу ҳақда масъул ходимларга хабар берилган. МИБ вилоят бошқармаси ходимлари олиб борган тезкор тадбир чоғида С. Бурхонов Тошкент шаҳрида қўлга олиниб, алимент тўлашдан яшириниб юришнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди.


– Жигаргўшаларининг моддий таъминотига бефарқ бўлган отадан 20 миллион сўм алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб олинди, – дейди МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. – Аслида фарзанд таъминоти – бу оддий мажбурият эмас, боланинг келажаги, таълими ва соғлом улғайишига қўшиладиган ҳисса. Алиментдан қочиш орқали муаммодан қутулиб бўлмайди. Вояга етмаган, ёрдамга муҳтож болаларни моддий таъминлаш – нафақат ота-онанинг инсонийлик бурчи, балки қонун олдидаги мажбурияти ҳамдир. Айрим алимент тўловчилар бу масъулиятдан қочишга уринишнинг оқибатларини кеч англаб етаётгани билан муроса қилиб бўлмайди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири