«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунга кўра, ижро этилиши керак бўлган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органларининг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади.
Аммо МИБдан хабар келса, уни эътиборсиз қолдирадиган ёки шу идора ходими уйига келса, унга қарши ҳаракат қиладиганлар учраб туради. Ваҳоланки, давлат хизматчиси ўз зиммасига юклатилган вазифани бажараётган бўлади. Қолаверса, қарздорлик ўз вақтида тўланиши даркор.
Қарздорлик ўз вақтида тўланмаган ҳолатларда қонунга мувофиқ, мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилади. Бунда, ихтиёрий равишда ижро этиш учун давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатнинг ўтганлиги мажбурий ижро чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Мажбурий ижро этиш чоралари давомида ундирув қарздорнинг пул маблағларига ва бошқа мол-мулкига қаратилади.
МИБ ахборот хизматидан хабар беришларича, давлат ижрочилари ижрога қабул қилинган ҳужжатларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки қарздорликни ундириш жараёни қарздордан жабр кўрган иккинчи томоннинг манфаатларини таъминлаш билан ҳам боғлиқ.
Бюронинг Шайхонтоҳур тумани бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ижро варақаси келиб тушган. Унда қарздор Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ундирувчи собиқ ходим Х.А. фойдасига 100 миллион сўм бир йўла бериладиган тўловларни ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати келиб тушгандан кейин ижро иши қўзғатилиб, томонларга юборилган. Қарздор давлат ташкилоти томонидан ихтиёрий равишда иш ҳақи қопланмаганидан сўнг мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган ва суд қарорида белгиланган маблағ тўлиқ ундирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор фуқаро А.Т.дан ундирувчи фуқаро О.Ш. фойдасига 100 миллион қарзни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжатини қўзғатиш бўйича қарор қабул қилиниб, қарздорга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ тушунтирилган. Ҳуқуқий тарғиботдан тўғри хулоса чиқарган қарздор зиммасидаги мажбуриятни бажарди.
Бюронинг Миробод тумани бўлими томонидан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг қарорига асосан, қарздор "Z.I.S." масъулияти чекланган жамиятидан давлат фойдасига 250 миллион сўм ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Қарздор корхона қонун талаблари асосида берилган ихтиёрий муддатда солиқ қарзини қопламагани учун унга нисбатан мажбурий ижро ҳаракатларига қўлланилди. Корхонага тегишли бўлган "Jentra" хатланиб, аукцион савдоларига чиқарилди. Сотувда тушган маблағ солиқ қарзини қоплаш учун давлат фойдасига йўналтирилади.
Бюронинг Юнусобод тумани бўлими томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қарорларига асосан қарздор Л.П.дан жами 50 та ижро ҳужжати бўйича 26 миллион 155 минг сўм маъмурий жарима ундиришга оид ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздорга тегишли «Нeхiа-3» автотранспорт воситасини хатлаш жараёнида қарздор томонидан қарздорликлар тўлиқ тўланди.
Н.Абдураимова, ЎзА