Маълумки, солиқлар юртимизнинг янада фаровон бўлиши, халқимиз турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Аммо, айрим жисмоний ва юридик шахслар ўз мажбуриятларини унутиб, солиқ қарзларини қасддан тўламаслиги учраб туради. Бу эса, ўз навбатида, солиқларни мажбурий тартибда ундиришга олиб келмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини жадаллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи мобайнида иш юритувда бўлган солиқ ундирувларига оид 2,2 миллиард сўмлик 25 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларидан 11 мингдан ортиғи тамомланиб, 1,5 миллиард сўмлик солиқ қарзлари ундирилди.
Мисол учун, ижро ҳужжатига асосан “P.Е” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан ундирувчи Юнусобод тумани давлат солиқ инспекцияси фойдасига жами 2,6 миллиард сўм қарздорлик ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳаракатлари натижасида қарз тўлиқ ундирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА