Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қарорлар ижросини таъминлаш орқали фуқаролар ҳамда жамиятларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланмоқда.
МИБ ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2025 йилда 9,6 миллионта ҳужжат ижроси таъминланиб, 57,8 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилди (2024 йилга нисбатан 10 триллион сўмга ошган).
Фуқароларнинг мол-мулкига дахл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган туманлараро бўлимлари томонидан 2,6 миллионта ҳужжат ижро қилинди.
Ҳозирда долзарб аҳамият касб этиб бораётган энергия ресурслари соҳасида 51 минг 900 ижро иши амалда тамомланиб, 638 миллиард сўмлик қарздорлик ундирилди.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан эҳтиёжманд фуқарони қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган махсус дафтарлар ҳисобига 1,5 триллион сўм ёки 2024 йилга нисбатан 391 миллиард сўм кўп маблағ йўналтирилди.
Таъкидлаш жоизки, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бугунги куннинг долзарб йўналишлардан бири ҳисобланади. Жумладан, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 3,1 триллион сўмлик алимент маблағлари ундирилди. “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 588 нафар ундирувчиларга 26,8 миллиард сўм пул маблағлари тўлаб берилди.
Алимент тўлаш истаги бўла туриб, лекин иш бандлиги бўлмаган 26 минг 753 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 13 минг 834 оила яраштирилди.
Муқаддам қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 869 нафар шахс ишга тикланиб, уларга тўланмай қолган 36,9 миллиард сўмлик иш ҳақи ундирилди.
Рақамлаштириш жараёни ижро тизимига изчиллик билан татбиқ этилиб, ҳужжат айланмаси ва кўпгина ижро ҳаракатлари рақамлаштирилди. “Мажбуриятлар реестри”, “Кафолат маблағини киритиш” ҳамда “Кафолатланган даромад” каби бир қатор институтлар жорий этилди.
Натижада ижро иши доирасидаги 116 миллионта қарордан 80 миллионтаси ёки 69 фоизи инсон аралашувисиз автоматик тарзда қабул қилинди.
Ижро жараёнида қарздорлар мол-мулкларни бегоналаштириш орқали тўловлардан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, мулкларни аниқлаш, уларга тақиқ қўйиш, транспортларга қидирув эълон қилиш жараёни автоматлаштирилди.
Электрон тўлов тизимлари орқали 19 триллион сўм ундирилиб, қўлланилган 166 мингта чеклов инсон омилисиз бекор қилинди ва 3,9 миллион ҳужжат автоматик тарзда тамомланди.
Н.Абдураимова, ЎзА