Мажбурий ижро бюроси органларининг қарийб 5 йил давомида амалга оширган ишлари хусусида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда маълум қилинишича, ўтган вақт давомида жами 94 триллион сўм маблағ амалда ундирилган, шундан 39 триллион сўм давлат фойдасига ундирилган.
Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 42 триллион сўм ва фуқаролар фойдасига 5 триллион сўм ундириб берилган.
Шунингдек, Бюро органлари алимент қарздорлигини ундириш масаласида ўзгача ёндашув татбиқ этди ва ҳозирда алимент ундирувларини назорат қилувчи ягона ахборот тизими ишга туширилди.
Тизим орқали 285 мингдан ортиқ алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотларни «онлайн» режимда танишиб бориш имкони яратилди. Ҳар бир алимент олувчи номига банк ҳисоб варағи очилиб, уларга 200 мингдан ортиқ пластик карточкалар бепул тарқатилди.
Алиментга оид ишларда аслида қарздорликни ундиришдан ҳам кўра, муросага келмаётган оилаларни яраштириш муҳимроқдир. Шу боис олиб борилган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида 43 мингдан ортиқ оилалар яраштирилишига эришилди.
Яна бир муҳим масала. Бюро органлари томонидан тизимли олиб борилган амалий тадбирлар натижасида муқаддам ўз иш ўрнини йўқотган ва қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 1 744 нафар шахс ишга тикланди ҳамда уларга тўланмай қолган 79 миллиард сўм иш ҳақлари ундириб берилди.
Доимий ишлаб келаётган «1107» қисқа рақамли ишонч телефони орқали келиб тушган 90 мингдан ортиқ мурожаатлар қонуний ҳал қилинган. Шунингдек, тезкор-қидирув тадбирлари давомида, 10 минг 229 нафар шахс ҳамда 7 минг 522 та автотранспорт воситалари топилиб, 23 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилди.
Мафтуна Каримова, ЎзА