МИБнинг Наманган вилоят бошқармаси фуқароларга етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ муаммолар қатор ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган давридаги МИБ томонидан 549 та ҳужжат бўйича жами 15,2 миллиард сўм маблағ ундириб берилган.
Бюронинг Уйчи туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар С.Акбаровга жавобгар О.Мадраҳимов ва бошқалардан 110.780.000 сўм қарз ундириб берилган. Албатта, бундай йирик ундирувлар сони бир қанчани ташкил қилади.
Аслида амалдаги тартибга кўра, жавобгарларга қарзни тўлаш учун ихтиёрий муддат берилади.
Бироқ, бунга масъулиятсизлик билан қараган қарздорларга нисбатан ундирув уларнинг мол-мулкига қаратилади. Бу ҳолатда ижрочилар тегишли ташкилотларга жавобгарга тегишли мол-мулклар, транспорт воситалари бор-йўқлиги юзасидан сўров юборади.
Шундай ундирувларнинг бирида қарздор номида енгил автотранспорт борлиги аниқланган. Олиб борилган мажбурий ҳаракатларда транспорт воситаси хатланиб, ҳозирда реализация қилиш чоралари кўрилмоқда. МИБда бу каби ҳужжатлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар давом этмоқда.
Мафтуна Каримова, ЎзА