Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: Наманганда жамғарма ҳисобидан 107 миллион сўмлик алимент тўлаб берилди
15:12 / 2022-09-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил март ойида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқейини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Мажбурий ижро бюросининг “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилган эди.

Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади. Бунда қарздорликни қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочиси алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Куни кеча Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилояти бошқармасининг Чортоқ тумани бўлими иш юритувида бўлган ҳужжат ижроси доирасида жамғарма маблағи ҳисобидан 42 миллион 116 минг 832 сўм қарздорлик тўлаб берилди.

– Ўрганиш давомида фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2015 йил 9 апрелдаги буйруғига кўра қарздор Д.С. дан ундирувчи Х.С. фойдасига икки нафар фарзанди учун алимент ундириш белгилангани аниқланди, – дейди МИБ Чортоқ тумани бўлими бошлиғи Зуҳриддин Отамирзаев. – Ушбу ижро ҳужжати Бюро иш юритувига олинган ва ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ қарздор жами 64 ой давр учун ҳисобланган 42 миллион 116 минг 832 сўм алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни тўламагани сабабли дастлаб маъмурий, кейинчалик эса жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан сўнг ҳам ижро ҳаракатлари давомида қарздорликни ундириш самарасиз бўлган.

Янги ташкил этилган жамғарма қарздор учун имконият тақдим этди. Яъни, давлат ижрочисининг қарорига кўра, қарздорлик жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирувчи номига очилган пластик картага ўтказиб берилиши таъминланди.

– Бундай имконият яратиб берилгани учун раҳмат айтаман, – дейди, қарздор Д.С. – Алимент тўловларни тўламай маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилдим. Қарздорлик тўлаб берилгани имконият берди. Энди жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича маблағни ўз вақтида қайтариш учун меҳнат қиламан.

Умуман олганда, вилоятда Бюро бўлимлари иш юритувидаги жиноят натижасида алимент тўловлари учун етказилган зарар ундириш билан боғлиқ жами 107 миллион 700 минг сўмлик 4 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлик жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди.

Ҳозирда давлат ижрочилари жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни қайтариш бўйича ижро ҳаракатларини амалга оширмоқда.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА