Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: Наманганда 218 мингдан зиёд ҳужжатлар ижроси таъминланди
08:00 / 2022-02-14

Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ўтган 2021 йил якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бюронинг Наманган вилояти бошқармаси масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини бажариш борасида ўтган йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Қарздорлик миқдори ва тоифасидан келиб чиқиб, ижро ҳужжатларини Республика – вилоят – туман даражасида ҳал этиш бўйича алоҳида тизим яратилди.

Фармонга биноан, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиб-таомиллари устидан қатъий назорат ўрнатиш мақсадида Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими яратилди.

Биргина, 2021 йил давомида туманлараро бўлими томонидан 3,6 миллиард сўмлик 16 минг 868 та ҳужжат ижроси таъминланди.

[gallery-5743]

Ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30 фоизлик чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйиш тартиби жорий қилинди. Киритилган ўзгартиришлар ва фармон ижроси доирасида Бюронинг вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган 2021 йилда Бюро органлари иш юритувида 3,1 триллион сўмлик 296 минг 45 та ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шундан 2,7 триллион сўмлик 218 минг 904 та ёки ўтган йилга нисбатан 40 минг тага кўп ҳужжат ижроси тамомланди.

Ушбу даврда жами 814,7 миллиард сўм, шу жумладан давлат фойдасига 390,6 триллион сўм амалда ундирилиб, ўтган йилга нисбатан умумий ундирув 260,6 миллиард сўмга, давлатга ундирув 135,7 миллиард сўм ошди. Хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 372,9 миллиард сўм, банкларга 164,1 миллиард сўм ва фуқароларга 51,1 миллиард сўм ундирилди.

– 2020 йил 1 декабрдан жорий этилган тартибга кўра, солиқдан ташқари давлатга ундирилган маблағлар ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши белгиланди, – дейди МИБ Наманган вилоят бошқармаси ташкилий назорат ва таҳлил шўъбаси катта инспектори Азимжон Бойдадаев. – Мазкур тартиб натижасида, МИБ вилоят бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан 2021 йил давомида солиқ ундирувларидан ташқари давлат фойдасига жами 56,5 миллиард сўм ундирилиб, 2020 йилга нисбатан 25,7 миллиард сўмга ортди.

Янги тизимга мувофиқ, жиноий зарар, давлат божи, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлардан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 28,2 миллиард сўм ўтказиб берилди.

Қайд этилганидек, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 25 минг нафар алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, амалга оширилган ижро ҳаракатларини “MIB.UZ” андроид мобиль иловаси орқали “онлайн” режимда танишиб бориш имкони яратилди.

Алимент тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш мақсадида “Алоқа банк”да ҳар бир алимент олувчига банк ҳисобварағи очилиб, уларнинг номига бепул расмийлаштирилган 21 мингта пластик карточкадан 19 минг таси тарқатилди.

Амалга оширилган тадбирлар натижасида, 2,8 миллиард сўмлик 95 та олдиндан тўлов амалга оширилиб, шундан 1,3 миллиард сўмлик 6 та уй-жой олдиндан тўлов сифатида берилди.

Бюро органларининг саъй-ҳаракатлари билан ишсиз алимент тўловчиларнинг 1 минг 761 нафари ишга жойлаштирилди, 1 минг 553 та оила яраштиришга эришилди.

МИБ вилоят бошқармаси томонидан вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган 429 кишига нисбатан маъмурий, 21 нафар фуқарога нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида коррупциянинг олдини олиш, ходимлар ўртасида бу иллатга қарши курашиш борасида кўрилаётган чоралар, амалга оширилаётган профилактик тадбирлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА