Сурхондарё вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари мулкдорларнинг бузилган иморатлари учун белгиланган компенсация маблағларини ундириб бермоқда.
Шўрчи туманилик якка тартибдаги тадбиркор Одилжон Эргашевга тегишли туман марказидаги савдо биноси туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган. Ҳокимлик нотурар-жой иншоот қийматини бозор баҳосида тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Келишув мажбурияти туман ҳокимияти томонидан ўз вақтида бажарилмагани сабабли бино учун компенсация тўлови амалга оширилмаган.
Масала фуқаролик ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилиб, туман ҳокимлиги ҳисобидан тадбиркор фойдасига нотурар бино ва иншоотларнинг бозор қийматидаги 3 миллиард 527 миллион сўм компенсация ундирилиши белгиланди.
Суднинг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Шўрчи туман бўлими иш юритувига қабул қилинди. Ижро ҳаракатлари олиб борилиб, туман ҳокимиятининг ҳисоб рақамларига банд солинди. Инкасса талабномалари юборилиб, бузилган мулк учун тадбиркор Одилжон Эргашевга тегишли маблағ ундириб берилди.
– Келишув битимида белгиланган муддатнинг ўтиб кетиши бизнесимизни юритишга таъсирини ўтказди, - дейди якка тартибдаги тадбиркор О.Эргашев. – Муаммомиз судда кўриб чиқилиб, масала бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Давлат ижрочилари суднинг ижро ҳужжатини тезкор бажариб, компенсация маблағини ундириб берганидан хурсанд бўлдик.
МИБ вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг биргина май ойида давлат ижрочилари туманлар ва шаҳарда иш юритувларида бўлган ижро ҳужжатлари асосида 51 нафар жисмоний ва юридик шахс фойдасига бузилган 6 та яшаш уйи ва 45 та нотурар кўчмас мулк учун 16 миллиард 294 миллион сўм компенсация тўловларини ундириб берди.
Вилоятда бузилган турар ва нотурар бино-иншоотлар учун маҳаллий ҳокимликлардан компенсация маблағларини ундириб бериш давом этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири