Мамлакатимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш механизмларини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш билан бирга ижро жараёнларини амалга оширишда аҳолига кенг қулайликлар яратишга қаратилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов ЎзА мухбири билан айни шу хусусда суҳбатлашди.
– Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари суд ҳамда бошқа орган ҳужжатларини ижро этиб, амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шаҳар ва туман бўлимларида фаолият олиб бораётган давлат ижрочилари давлат, солиқ, банк, фуқаро, тадбиркорлар фойдасига ундирувлар, шунингдек, уйга киритиш, уйдан чиқариш каби ҳужжатлар ижросини таъминлаб келмоқда, – дейди Бекзод Мирзааҳмедов. – Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 1,8 триллион сўмлик 189 мингта ҳужжат ижроси таъминланди. Шунингдек, давлат фойдасига 301 миллиард сўм ундириб берилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан боғлиқ жамғармаларга 45 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

– Бюро органлари иш юритувидаги асосий йўналиш алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Дарҳақиқат, таҳлилларга кўра, МИБ Наманган вилояти бошқармаси ҳудудий бўлимлари иш юритувида алимент ва моддий таъминот ундириш билан боғлиқ 23 минг 403 та ижро ҳужжати бор. Албатта, вилоятимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ манфаатлари ҳамда алимент ҳужжатлар ижросини таъминлаш, оилаларни тиклаш ва қарздор фуқароларни бандлигига эришиш мақсадида вилоят ҳокимлигининг қўшма фармойиши қабул қилинди. Белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш мақсадида вилоят, шаҳар, туманлар ва “Маҳаллабай” ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Эндиликда ҳар ойининг биринчи жума куни – “Алимент ундируви кунлиги” деб эълон қилинди. Бунинг натижасида олиб борилган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ ўтган даврда 41 миллиард сўмдан ортиқ алимент пуллари ундириб берилди. Янги ташкил этилган жамғарма ҳисобидан 38 нафар ундирувчига 965 миллион сўм тўлаб берилди.
–Кўп ҳолларда алимент тўлашдан бўйин товлаётган қарздорларни эшитиб қоламиз. Айнан мана шу борада уларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ёки уларга нисбатан кўрилаётган таъсир чоралари ҳақида фикр билдирсангиз?
– Тўғри айтдингиз, олиб борилаётган кенг қамровли тушунтиришлардан сўнг ҳам айрим қарздор оталар фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келмоқда. Ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан ана шу тоифадаги қарздорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Лекин, ундан ҳам тўғри хулоса қилмаган, алимент тўлашни пайсалга солаётганларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 840 нафар қарздорга нисбатан маъмурий чоралар, ундан кейин ҳам икки ойдан ортиқ тўлов қилмаган 71 нафарига эса жиноят жазоси тайинланди.

– Ишга жойлаштириш, иш ҳақи ундириб бериш масаласида қандай тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувидаги ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш билан боғлиқ ҳужжатлар алоҳида назоратга олинган. Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида иш ҳақи ундириш билан боғлиқ жами 7,8 миллиард сўмлик 919 та ижро ҳужжати келиб тушган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида унинг 827 таси тамомланиб, фуқароларга 6,7 миллиард сўмлик иш ҳақлари ундириб берилган.
–Бугунги кунда Бюронинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан солиқ қарздорликларини ундириш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
– Таҳлилларга кўра, Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари иш юритувидаги солиқ қарздорлигини ундиришга оид 939,5 миллиард сўмлик 38 минг 235 та ижро ҳужжати мавжуд. Амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 18 минг 221 та 728,2 миллиард сўмлик ҳужжат ижроси тамомланган. Шунингдек, солиқ қарздорликлари бўйича ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 271 таси бўйича 81,7 миллиард сўмлик мол-мулклар хатланган. Солиқ қарздорликларини камайтириш, ундирувларни жадаллаштириш мақсадида ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан жойларда кунлик тадбирлар ўтказилмоқда.
– Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларга ечим излаш қандай ташкиллаштирилган?
– Фуқароларнинг суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ мурожаатларга ечим топиш борасида Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 6 минг 858 та мурожаат келиб тушган. Шундан 6 минг 542 таси кўриб чиқилиб, 3 минг 501 таси қаноатлантирилган, 3041 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ташкил этилган “Сайёр қабуллари” ўз навбатида, суд ва бошқа органлар билан боғлиқ мурожаатларни имкон даражасида жойида ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.