Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ ҳужжатлар ижросини таъминламоқда
15:19 / 2023-10-26

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари ходимлари учун айрим тоифадаги ҳужжатлар ижросини таъминлаш ҳар доим ҳам осон кечавермайди. Уйга киритиш, уйдан чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларнинг ижросини бажариш, айниқса, бирмунча қийинчилик туғдиради. Яқиндагина МИБ Наманган вилояти бошқармасининг Наманган тумани бўлими иш юритувидаги уйга киритиш билан боғлиқ ҳужжат ижроси ҳам олиб борилган ҳаракатлардан сўнг тўлиқ таъминланди.

– Ҳужжатни ўрганишда маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2023 йил 14 апрелдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар аёл М.Д.ни уч нафар фарзанди билан мазкур тумандаги Оқ ер маҳалласи, Эскон кўчасида жойлашган ҳовлига, барча иморатлар ва коммунал хизмат объектларидан фойдаланиш ҳуқуқи билан, мажбурий тартибда киритиб қўйиш белгиланган, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган тумани бўлим бошлиғи ўринбосари Алишер Турсунов. – Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасида бир неча профилактик ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Яъни тарафларга ихтиёрий муддат берилди.  

Бироқ ижро таъминланмагач, иш мажбурий ҳаракатларга етиб борган. Тайинланган ижро давомида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда аёлни уч боласи билан бирга уйга киритиб қўйиш таъминланди.  

***  

Оила – муқаддас. Уни асраб-авайлаш эр-хотиннинг бурчи. Афсуски, бугунги кунда арзимас сабаблар билан ажрашган оилалар учраб турибди. Бунинг натижасида фарзандлар сарсон бўлмоқда. Айнан мана шу низоли вазиятлар, яъни болаларни она ёки отага олиб бериш билан боғлиқ номулкий тусдаги ҳужжатлар ижросини таъминлашга МИБ органлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.  

Наманган туманида яшовчи аёл Г.Ш. оилавий келишмовчилик сабаб турмуш ўртоғи Т.У. билан ажрашди. Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2023 йил 24 августдаги ижро варақасида вояга етмаган бир нафар фарзандини она тарбиясига олиб бериш кўрсатиб ўтилган.  

Бюронинг Наманган тумани бўлими томонидан иш юритувига олинган ҳужжат ижросини таъминлаш осон кечмади. Қарздор бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай фарзандини суд қарорида кўрсатилганидек, онасига бермади. Охир-оқибат мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида фарзанд она тарбиясига олиб берилди.  

Асосийси, уйга киритиш, уйдан чиқариш каби ҳужжатлар ижросини таъминлаш давомида тарафларга ҳуқуқий тушунчалар бериб келинмоқда. Бу эса суд қарорлари ижросини тўлақонли таъминлаш имконини бермоқда.  

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА мухбири