Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МИБ: фуқаролар манфаатлари учун 1,4 триллион сўм ундирилди
16:31 / 2023-10-27

Мажбурий ижро бюроси давлат ва халқ манфаатларини таъминлаш йўлида изчил фаолият юритмоқда. Чунки қабул қилинаётган суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси таъминланишида тизим ходимларининг ўрни катта.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йил тўққиз ойида мажбурий ижро бюроси тизими ходимлари жами 67 триллион сўмлик ҳужжатлар ижросини таъминлаган. 28,6 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилган.

Шундан давлат фойдасига 10,9 триллион сўм, тадбиркорлик ва бошқа субъектлар фойдасига 16 триллион сўмдан ортиқ ҳамда фуқароларимиз манфаатлари учун 1,4 триллион сўмдан зиёд ундирувлар амалга оширилди.

Бюронинг ҳудудий бошқармаларида ахборот технологиялари ёрдами билан муқобил равишда ва масофавий ишлаётган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмасдан ҳамда фуқароларнинг мол-мулкларига дахл қилмасдан 550,6 миллиард сўмлик (1,4 миллион) ҳужжатларнинг ижроси таъминланди.

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 650 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1,5 триллион сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирилган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан ташкил этилган “Алимент тўловлари жамғармаси” ҳисобидан 843 нафар ундирувчига 12,2 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.

Ишсиз алимент тўловчиларнинг 24 минг 751 нафари ишга жойлаштирилди, 38 минг 487 оилани яраштиришга эришилди.

Бундан ташқари, амалдаги меҳнат қонунчилик талабларига риоя этмасдан бўшатилган ва ўз иш жойини йўқотган 867 нафар фуқаро ишга тикланди ҳамда уларга тўланмасдан қолган 59,4 миллиард сўмлик иш ҳақи ундирилди.

Масалан, Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор Шовот туманидаги таълим муассасаларининг биридан ундирувчи Х.П. фойдасига 94 миллион сўм устама ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бюронинг Шовот тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор муассасадан фуқаро Х.П. фойдасига ундирилиши лозим бўлган устама ҳақи пуллари тўлиқ ундириб берилиши таъминланган.

Зеро, Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бюро органлари ўз фаолиятида самарадорликни ошириш учун ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Мажбурий ижро бюроси матбуот хизматидан маълум қилишларича, аҳоли манфаатларини таъминлашда бюро органлари ходимлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратмоқда. Оммавий сайёр қабуллар ҳамда видеоконференцалоқа орқали қабуллар ўтказилиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилаётир.

Ўтказилган қабулларда фуқароларнинг узоқ муддатдан буён ечимини топмаётган муаммо ва таклифларини жойида ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда.

Навбатдаги сайёр қабул Сирдарё туманида ташкил этилди. Унда 21 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати тингланиб, шундан 10 та мурожаат масъуллар томонидан шу куннинг ўзида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар назоратга олиниб, уларни тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқиб, тез фурсатларда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Н.Абдураимова, ЎзА