Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти Шеробод туман бўлими иш юритувига яна 12 фермер хўжалигининг солиқ тўловлари ва электр энергиясидан қарздорлигини ундиришга қаратилган ижро ҳужжати келиб тушди.
Суднинг мазкур ҳужжати ижросини таъминлаш учун қарздор фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкассо топшириқномалари юборилди.
– Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари чоғида фермер хўжаликлари тумандаги “FORTERS” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги кластер уларнинг қарзини тўлаб бермаётгани учун солиқ ва бошқа қарзларини тўлаш имконияти йўқлигини маълум қилди, – дейди МИБ Шеробод туман бўлими бошлиғи Шоҳислом Абдуқодиров. – 12 та фермер тақдим этган кластер билан тузилган таққослама далолатнома ўрганиб чиқилгач, давлат ижрочисининг қарори билан мажбурий ижро этиш усули ўзгартирилди. "FORTRES" масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан фермерлар манфаати учун 103 миллион сўм электр энергияси учун ҳамда 442 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундириб олинди.
Вилоятда солиқ ва бошқа қарздорликларни ундириш ишлари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири