МИБ: бойсунлик ўқитувчилар ишга қайта тикланди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги мактаблардан бирида таълим муассасаси директори билан математика, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, шунингдек, икки нафар бошланғич синф ўқитувчиси ўртасида келишмовчилик юз берган. Бу ҳолатдан ғазаб отига минган мактаб директори уларнинг меҳнат шартномасини асоссиз бекор қилган.
Муаллимлар ҳам анойи эмас экан. Тегишли тартибда судга мурожаат этиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган. Суд жараёнида барча ҳолатлар чуқур ўрганилганида мактаб директорининг буйруқлари қонуний эмаслиги аниқланиб, бекор қилинди ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқи тикланди.
Суднинг тегишли ҳужжатини МИБ Бойсун туман бўлими қабул қилиб олгач, ижро ҳаракатларига киришилди. Давлат ижрочилари мактаб директорига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробари миқдорида жарима қўллаб, асоссиз ишдан бўшатилган тўрт нафар ўқитувчини ўз ишига тиклади. Адолат қарор топиб, устозлар яна ўқувчиларига фан сирларидан сабоқ бера бошлади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири