Мажбурий ижро бюроси органлари ундирув билан боғлиқ ишларни амалга ошириш орқали фуқаролар ҳамда давлат ва жамият манфаатларини таъминланмоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида бюро ахборот хизмати раҳбари Фарруҳ Тошпўлатов батафсил маълумот берди:
– Жорий йилнинг ўтган даврида ижро этиш соҳасида 42,9 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилиб, амалда бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 триллион сўмга ошди.
Биргина, давлат фойдасига 18,5 триллион сўм, тадбиркорлик ва бошқа субъектлар фойдасига 10,4 триллион сўм ҳамда банклар фойдасига 12,3 триллион сўмлик маблағ ундирилди.
Жумладан, фуқаролар манфаатлари учун 1,7 триллион сўмдан ортиқ ундирувлар амалга оширилди. Фуқароларнинг мол-мулкига дахл қилмасдан ва мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 туманлараро бўлимлар томонидан 760,1 миллиард сўмлик 2,1 миллионта ҳужжат ижроси таъминланди. Энергия ресурслари соҳасида 44 минг 250 дан зиёд ижро иши тамомланиб, 907,6 миллиард сўмлик қарздорликлар ундирилди.
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ҳисобига 1 триллион 21 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1,7 триллион сўмлик алимент маблағлари ундирилди. “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг 620 нафар ундирувчисига 20,9 миллиард сўм зарар пуллари тўлаб берилди.
Ишсиз алимент тўловчи фуқароларнинг 23 минг 245 нафари ишга жойлаштирилди. Шу билан бирга, олиб борилган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида 12,3 мингдан ортиқ оила яраштирилди.
Ишдан ноқонуний тарзда бўшатилган 685 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмасдан қолган 51,8 миллиард сўм иш ҳақи ундириб берилди.
Бюронинг расмий сайтида алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирув эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилиб борилмоқда. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 5 минг 608 нафар фуқаро топилди.
Фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Масалан, ижро иши қўзғатилгани ва қўлланилган чекловлар тўғрисида қарздорларни огоҳлантириш тизими орқали 86,3 миллион “SMS-хабарнома” жўнатилди. Қарздорлик ҳақида ўз вақтида хабар берилгани натижасида 2 миллионта ижро ишлари ихтиёрий муддатда тамомланди.
Фаолиятга ошкоралик бериш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида 43 мингга яқин тушунтириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларнинг 18 мингдан ортиғи бевосита оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилди.
Н.Абдураимова, ЎзА