Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман ҳудудий бўлимлари томонидан 2023 йилнинг ўтган даврида суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзаахмедовнинг оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилишича, Бюро органлари ходимларининг саъй-ҳаракати натижасида, жорий йил январь-май ойларида жами 1 триллион 438 миллиард сўмлик 157 минг 258 ижро ҳужжати ижроси таъминланди. Шунингдек, амалда 508 миллиард сўм, шу жумладан, давлат фойдасига 244 миллиард сўм ундирилиб, 2022 йилга нисбатан ундирув 108 миллиард 400 миллион сўмга, давлатга ундирув 96 миллиард сўмга ошди.

Солиқ ундирувлари бўйича 410 миллиард 100 миллион сўмлик ҳужжатлар ижро қилинди. Янги ташкил этилган МИБ туманлараро бўлими томонидан 51 минг 743 ҳужжатнинг ижроси таъминланиб, 19 миллиард 800 миллион сўм маблағлар ундирилди. Алимент тўловчи қарздорлардан жами 33 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ, шу жумладан банк карталари орқали 32 миллиард 200 миллион сўм алимент пуллари ундирилиши таъминланди. 12 ҳолатда белгиланган тартиб асосида пул ва уй-жой шаклда қиймати 1 миллиард 127 миллион сўмлик қарздорлик олдиндан фарзандлар вояга етгунга қадар ундириб берилди.
Мазкур жамғарма ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорлардан 23 нафар ундирувчига 602 миллион сўм маблағ тўлаб берилди. Олиб борилган кенг қамровли тушунтириш ишлари натижасида 1 минг 998 оила яраштирилди, ишсиз алимент тўловчиларнинг 1 минг 200 нафари ишга жойлаштирилди.

– Бугунги кунда вилоятда вояга етмаганлар ҳуқуқ манфаатлари ҳамда алимент ҳужжатлар ижросини таъминлаш, оилаларни тиклаш ва қарздор фуқаролар бандлигига эришиш мақсадида вилоят ҳокимининг қўшма фармойиши қабул қилинди, – дейди МИБ Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзаахмедов. – Белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш мақсадида вилоят, шаҳар, туманлар ва “маҳаллабай” кесимида ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Эндиликда ҳар ойининг биринчи жума куни “Алимент ундируви кунлиги”, деб эълон қилинди. Бюро органлари фаолиятида, меҳнат қонунчилигига муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. МИБ ҳудудий бўлим бошлиқлари томонидан ҳафтанинг ҳар шанба куни маҳаллаларда сайёр қабуллар ташкил этилиб, уларда келиб тушган мурожаатлар ижроси назорат қилиб борилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.