Жамиятда адолатнинг қарор топиши кўп жиҳатдан амалдаги қарорларнинг ижросига боғлиқ. Мажбурий ижро бюроси тизимида ижро ҳаракатларини ўз вақтида амалга ошириш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Бу ҳақда Бюро ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълумот берди:
– Бюро органлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 22,2 триллион сўмлик ундирувлар амалга оширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ошди.
Бюронинг ахборот технологиялари ёрдамида масофавий тарзда ишлайдиган 15 та туманлараро бўлимлари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилмасдан ва фуқароларнинг мол-мулкларига дахл қилмаган ҳолда, 973 мингта (375,2 миллиард сўмлик) ҳужжатнинг ижроси таъминланди.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 500 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 80 миллиард сўм кўп маблағ йўналтирилди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 893,4 миллиард сўм алимент пуллари ундирилди. “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида 1 минг 306 нафар ундирувчига 24,7 миллиард сўм пул маблағлари тўлаб берилди.
Алимент маблағини тўлаш истаги бўла туриб, бироқ иш ўрнига эга бўлмаган 13 минг 614 нафар фуқаронинг бандлиги масаласи ҳал этилди. Тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида, 5,8 мингдан ортиқ оиланинг ярашишига эришилди.
Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 408 нафар шахс ишга тикланиб, уларга тўланмай қолган 24,2 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Ижро этиш соҳасини рақамлаштириш жараёнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижро ишлари қўзғатилгани ва қўлланилган чекловлар тўғрисида огоҳлантириш тизими орқали 40 миллиондан ортиқ “SMS - хабарнома” жўнатилди.
Қарздорлик ҳақида ўз вақтида хабар берилгани натижасида 765 мингта ижро ишлари ихтиёрий муддатда тамомланди.
Фуқаролар, юридик шахслар ва бошқа субъектлар ўртасида автотранспорт ҳамда кўчмас мол-мулкларни нотариал равишда расмийлаштиришда юзага келадиган муаммоларнинг бири айнан тақиқлар билан боғлиқдир.
Эндиликда фуқаролар автотранспорт воситаси ёки кўчмас мулкларга оид қидирув ёки тақиққа оид маълумотларни Бюронинг www.mib.uz расмий сайтидаги “Интерактив хизматлар” саҳифасидаги “Автотранспортни текшириш” ҳамда “Кўчмас мулкни текшириш” рукнлари орқали билиши мумкин.
Ўз навбатида, автотранспорт воситаси ёхуд кўчмас мулкда тақиқлар аниқланса, ушбу сайтнинг “Қарздорликни текшириш” рукни орқали бу ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
Қарздорликлар электрон тўлов тизими орқали бартараф этилганида, мавжуд қидирув ва тақиқлар шу заҳоти бекор қилинади.
Н.Абдураимова,
ЎзА