Андижон машинасозлик институтида «Мехатроника ва робототехника: муаммолар ва ривожлантириш истиқболлари» мавзусида 2- халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда мехатроника ва робототехника йўналиши ўқув дастурларини инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар асосида модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур анжуманда мамлакатимиз, шунингдек, Литва, Латвия, Португалия ҳамда Греция давлатларининг нуфузли олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 50 нафарга яқин профессор-ўқитувчи, докторант, мустақил изланувчи ҳамда магистрлар иштирок этиб, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижа ва муаммолар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Анжуман очилишида сўз олганлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда мехатроника ва робототехника таълим йўналишини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, қатор хорижий давлатлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа Андижонда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга ёрдам бераётганлиги таъкидланди.
– Юртимизда миллий устуворликка асосланган мехатроника ва робототехника таълим йўналиши олий таълимда “таълим-малака-инновация” цикли асосида ривожланмоқда, – дейди Андижон машинасозлик институти ректори Умиджон Турдалиев. – Мазкур жараёнда инновацион ғоялар ва рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, уларни таълим ва амалиётга татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Анжуманда Вильнюс техника университети мехатроника ва робототехника кафедраси профессори Витаутас Бучинскас, Греция халқаро университети профессори Кококирис Ламброс, Португалиянинг Виана-ду-Каштелу политехника институти профессори Дуарте Нуну Алвес, Андижон машинасозлик институти машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш кафедраси мудири Азамат Юсуповнинг «Мехатроника ва робототехника: ўқитиш муаммолари ва ечимлари», «Мехатроника ва робототехника: ишлаб чиқариш ва таълим интеграцияси», «Мехатроника ва робототехника: иқтисодий самарадорлик», «Мехатроника ва робототехникада электротехника электромеханика ва электроника», «Интеллектуал муҳандислик тизимлари» мавзуларидаги маърузалари тингланди.
[gallery-13873]
Анжуман иштирокчилари томонидан маърузалар ҳамда мавзу доирасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, амалга оширилаётган лойиҳа ва илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини юксалтириш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида шуъбалар доирасида ўтказилган мунозараларда олиб борилаётган илмий изланишлар самаралари таҳлил қилинди, эришилган ютуқлар, ечимини кутаётган масалалар хусусида ўзаро фикр алмашилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари