Мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонасида яна бир лойиҳа ишга тушди
Шунга мувофиқ корхона қошида яна битта янги болалар учун мўлжалланган бўтқалар ишлаб чиқариш цехи фаолият бошлади.
Гап шундаки, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил январ ойи сўнггида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Яккабоғ туманидаги “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси вакиллари мева-сабзавотни қайта ишлаш ва болалар таомлари ишлаб чиқариш лойиҳасини тақдим этган эди.
Шунга мувофиқ корхона қошида яна битта янги болалар учун мўлжалланган бўтқалар ишлаб чиқариш цехи фаолият бошлади.
- Карантин шароитига қарамасдан янги лойиҳамизни амалга ошириш учун италиялик мутахассислар билан бир неча кун давомида онлайн режимда мулоқот олиб бордик ва тез орада ишга тушириб, “Mapusha” болалар бўтқасини ишлаб чиқаришни бошладик, -дейди корхона раҳбари Анзур Нормуродов.– Ушбу цехга ҳам Италия ва Украинадан келтирилган замонавий тежамкор технологиялар ўрнатилган. Лойиҳани амалиётга татбиқ этилиши натижасида яна 40 киши ишли бўлди. Ушбу технологиялар соатига 5 тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Аслида цехга керакли бўлган ускуналар бир ой олдин келтирилган. Аммо,карантин сабабли италиялик мутахассислар кела олмаслигини маълум қилганидан сўнг уларга, ўзимизнинг йигитлар ҳам технологияларни бошқаришни билишади, видеоконферец алоқа орқали бўлса ҳам тушунча беринг, деб ҳоли-жонига қўймадим. Чунки, бундай лойиҳани амалга оширишни кўп кутиб бўлмас эди.
Мева-сабзавотлар ҳам корхонанинг 557 гектарлик майдонида етиштирилади.Халқимиз бошидаги синовли кунларда уларга муносиб ёрдам кўрсатиш мақсадида боғнинг ички қисмларига ловия, фасол, бақлажон,помидор ва бодринг каби бир қатор сабзавотларни экиш бошланган. Корхонада 24 соатлик карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Яккабоғ туманидаги “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли “Дармон шарбати” мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси 2017 йил август ойида ишга тушган. Бу ерда кунига 12 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий, энергия тежамкор ускуналар бир кеча-кундузда 20 тоннагача мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватига эга. Асосан олма, ошқовоқ ва сабзи шарбати тайёрланиб, ички бозорга чиқарилмоқда. Келгусида узум, анор ва бошқа қатор сабзавот маҳсулотларини ҳам қайта ишлаб, шарбат тайёрлаш кўзда тутилган.
Бу ерда жорий қилинган замонавий технологиялар самарали иш жараёни ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлашни таъминламоқда. Мева-сабзавотларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишлар – аксептик пакетларга қадоқланади. Корхона ходимлари касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Уларга замонавий технологияларни ўзлаштиришда хорижлик мутахассислар сабоқ берган.
Корхонада тайёрланаётган табиий шарбатлар чет эллик харидорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Келажакда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни тўлиқ хорижга экспорт қилиш мўлжалланган.
Янги цехнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.