Жорий йилда давлат захирасига сотиб олинган ғалла ҳисобига кластерларнинг қўшимча харажатларини қоплаш учун ҳар бир килограмм буғдойга 350 сўмдан жами 800 миллиард сўм ажратилади.
Мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратилади.
Президент пахта ва ғалладаги каби мева-сабзавотчиликдаги кластерларни ҳам маҳсулот ҳажмидан келиб чиқиб, Қишлоқ хўжалиги жамғармаси томонидан имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилишини таъкидлади.
Бунда кластерларга айланма маблағ учун амалдаги 20-24 фоизли тижорат кредитлари ўрнига Жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади.
Келгуси йилда ушбу мақсадларга 2 триллион сўм йўналтирилади.
Давлатимиз раҳбари мева-сабзавот ҳосилини об-ҳавонинг кескин ўзгаришидан суғурта қилиш амалиётига ўтиш вақти келганини қайд этди.
Шу мақсадда келгуси йилдан суғурта компаниялари орасида мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш бўйича танлов ўтказилиши маълум қилинди. Экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот кластерлари ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бунга дастлабки босқичда 50 миллиард сўм ажратилади.
ЎзА