2026 йил 5 февралда қабул қилинган (ЎРҚ–1118-сонли ) қонун билан қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янги нормалар транспорт соҳасида ҳаракат ва ташиш хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ, темир йўл транспорти ва метрополитенда ҳаракат ҳамда ташиш хавфсизлиги талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10 баравари миқдорида жарима солиниши белгиланди.
Шунингдек, темир йўл транспорти ва метрополитенда хавфсизлик бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар ёки улар ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳолатда ҳам мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўлланади.
Қонунда автомобиль транспортига оид қоидалар ҳам кучайтирилди. Хусусан, тегишли гувоҳномасиз йўловчи ташиш, йўл ҳақи тарифларини асоссиз ошириш, мунтазам йўналиш бўйича тасдиқланган қатнов жадвалига амал қилмаслик ёки йўналиш схемасидан четга чиқиш учун БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солиш назарда тутилди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА