Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Миллий метрология институтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Фарҳод Абдуллаев ва Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр актрисаси Раъно Шодиева иштирок этиб, барчани самимий табриклади, байрамона кайфият улашди.
Ўзбекистон Миллий метрология институти мамлакатимизда ўлчашлар бирхиллиги ва аниқлигини таъминлашда етакчи илмий ва амалий марказ ҳисобланади. Институт саноат, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа стратегик соҳаларда қўлланиладиган ўлчаш воситаларининг ишончлилигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Институт халқаро метрология ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориб, миллий эталонларни яратиш, сақлаш ва такомиллаштириш, шунингдек, уларни халқаро эталонлар билан солиштириш ишларини амалга оширади. Бу эса Ўзбекистонда олиб борилаётган ўлчаш натижаларининг халқаро миқёсда тан олинишига ва ишончлилигига хизмат қилади.
[gallery-27140]
Миллий метрология институти замонавий филиал ва лабораторияларга эга бўлиб, юқори малакали мутахассислар илғор технологиялар асосида қиёслаш, калибровка, синов ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир давомида ўтган йилларда ватан ҳимоячилари томонидан амалга оширилган фидокорона ишлар эсга олиниб, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, ҳарбий касбга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ш.Маматуропова, О.Пардаев (сурат), ЎзА