Ҳар қандай муносабатлар давомида фойдаланиладиган тўғри ва аниқ ўлчашлар софлик мезони бўлиб хизмат қилади ҳамда келиб чиқиши мумкин бўлган ноаниқлик натижасидаги оқибатларнинг олдини олади.
Эътибор қиладиган бўлсак, аниқ ўлчашларни таъминловчи соҳа – метрологиянинг нечоғли муҳимлиги ана шу жараёнда бўй кўрсатади.
Ўзбекистон миллий метрология институти Андижон филиали ҳам вилоятдаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларидаги мавжуд ўлчашлар аниқлигини таъминлаб келмоқда.

Бу борада корхона ва ташкилотлар билан ўзаро келишувлар амалга оширилиб, режа асосида жойларда метрологик ва логистика хизматлари кўрсатилмоқда. Хизматлар турини кенгайтириш ва сифатини янада яхшилаш учун филиалнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида 9 та ўлчаш воситаси келтирилди.
Бунинг натижасида физик-кимёвий катталикларни ўлчаш воситалари гуруҳи бўйича қиёслаш ишларига аккредитация доираси кенгайтирилди ҳамда 2 та янги метод ўзлаштирилди. Натижада ҳудудий филиал томонидан нефть ва газ, қурилиш ва кимё саноати корхоналаридаги қўшимча 270 дона ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш йўлга қўйилди.
Қувонарлиси шундаки, ўтган 2021 йил давомида филиал геометрик катталикларни калибрлаш бўйича 5 тур ва масса катталикларини калибрлаш бўйича 1 тур аккредитациядан ўтказилди.

Жорий йилнинг январь ойидан ушбу йўналишлар бўйича калибрлаш ишлари йўлга қўйилди. Шу билан бирга, филиалда метрологик инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида 6 та – геометрия, масса, босим, ҳарорат, физик-кимёвий ва электр ўлчаш воситаларини калибрлаш, қиёслаш лабораториялари ҳозирги кун талаблари даражасида таъмирланди.
Филиал метрологлари ўз хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, масъулият ва фидойилик билан ҳудуддаги саноатнинг турли жабҳалари, тиббиёт, коммунал хўжаликда метрологик хизматлар орқали ўлчашлар бир хиллигини таъминламоқда.

Ҳисобот даврига қадар яратилган қулайликлардан кенг фойдаланган метрологлар вилоятдаги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарининг жами 29 минг тага яқин ўлчаш воситаларини метрологик текширувдан ўтказишди.
Бу жараёнда барча мурожаатлар «e-metrologiya» ахборот дастури орқали онлайн ариза қабул қилиш билан амалга оширилмоқда.
ЎзА