20 май – Бутунжаҳон метрология куни
Метрология ўлчов фани, илмий кашфиёт ва инновациялар, саноат, ишлаб чиқариш ва халқаро савдо, турмуш тарзини яхшилаш ва глобал атроф-муҳитни муҳофаза қилишда марказий роль ўйнайди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон миллий метрология институти мутасаддилари иштирокида Бутунжаҳон метрология кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мутахассислар томонидан метрологиянинг тиббиётдаги муҳим ўрни ҳақида маълумот берилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан COVID-19 коронавирус пандемияси эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида институтда бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, карантин даврида институтнинг тиббий техникани метрологик текширувдан ўтказувчи ихтисослашган лабораторияси томонидан касалликни аниқлаш, профилактика ва даволаш учун зарур бўлган ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилди.
Функционал-диагностик текшириш натижасининг ишончлилигини метрологик текширув билан таъминлашнинг пировардида бу беморнинг касаллиги бўйича белгиланадиган ташхис тўғрилиги ва даволаш жараёнлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбирда қайд этилишича, пандемия даврида COVID-19 инфекциясини аниқлашда фаолият кўрсатаётган тиббиёт лабораторияларидаги тест таҳлилини ўтказишда фойдаланиладиган ўлчаш воситалари, жумладан, пипетка дозаторлари (кичик сиғимдаги суюқлик ўлчагичлари), қуритиш шкафлари ва термостатларнинг тўғри ишлашини таъминлаш аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда ҳамда касалланган беморларни ўз вақтида аниқлашда муҳим ўрин тутади. Шунинг баробарида бугунги шароитда ҳукумат томонидан амалга оширилаётган тадбирларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида институт томонидан тиббиёт муассасаларидаги COVID-19 инфекциясини аниқлашда фойдаланилаётган ўлчаш воситаларини пандемия даврида давлат қиёсловидан бепул ўтказиб келинмоқда.
Умуман олганда, жорий йилнинг апрель ойи ҳолатига институт томонидан 196 минг 674 дона ўлчаш воситаси метрологик текширувдан ўтказилди.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг 66 минг 206 та мурожаатига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) қиёслаш ишлари амалга оширилди.
Хитой, Украина, Швейцария мамлакатларида ишлаб чиқарилган ва мамлакатимизга олиб кирилган тиббий техникалар белгиланган тартибда метрологик текширув ва синовлардан ўтказилиб, ижобий натижалар асосида Ўзбекистон Республикаси ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилди.
Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган 45 минг 376 дона инфрақизил тиббиёт термометри бепул синовдан ўтказилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА