Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Метро қурилиши боис, жами 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилади
23:26 / 2021-06-02

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов маълум қилди.

– Ер усти ҳалқа метро линияси қурилишининг учинчи– якунловчи босқичи «Сергели –Қўйлиқ» йўналишида жадал давом эттирилмоқда. Мазкур ишлар Президент қарори ижроси доирасида олиб борилмоқда.

Табиийки, улкан бунёдкорлик майдонида қайсидир дарахт ёки бутани кўчиришга тўғри келади. Яна бир томони ҳамма дарахтларни ҳам кўчириб бўлмайди.

Шу муносабат билан Давлат экология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутасаддилари соҳа мутахассислари ва эколог-инспекторларни жалб қилган ҳолда, қурилиш режалаштирилган катта ҳудуддаги дарахтларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказишди. Унга кўра, ер усти метросининг Миробод туманидан ўтадиган қисмида 66 та, Сергели туманидан ўтадиган қисмида 168 та, Янги ҳаёт туманидан ўтадиган қисмида эса 551 та (жами 785 та) дарахт борлиги аниқланди. 

Буларнинг орасида сафора, терак, арча, тут, ёнғоқ, ўрик, эман, шумтол, қайрағоч, чинор сингари дарахтлар бор. Уларни қаерга кўчириш маҳаллий туман ҳокимликлари билан, қандай кўчириш эса биолог олимлар билан маслаҳатлашилмоқда. Мақсад битта – имкон қадар барчасини сақлаб қолишдан иборат.

2021 йилнинг 4 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4 млрд 988 млн сўм.

Шунингдек, брифингда 1313 та туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 та туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млрд 514 млн. сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд 988 млн сўм миқдорида ҳисобланди.

Шу даврда аниқланган жами ҳуқуқбузарликларнинг 113 та ҳолати маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар иштирокида содир этилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА