Бугун, 3 октябрь куни “Новза” метро бекатидан ҳаракатланган 10-сонли поезд ҳаракати вақтида қисқа туташув содир бўлган. Машинист эса белгиланган йўриқномага асосан “Мустақиллик майдони” бекатида йўловчиларни туширган ҳамда ҳаракат таркибини текширув йўлаги томон олиб борган.
“Тошкент метрополителини” ДУК матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда.
Тошкент метрополитени бош муҳандис ўринбосари Абдутоҳир Абдуқодировнинг маълум қилишича, ҳозирга қадар метрополитенда мавжуд бўлган 59 та метро поездларидан 44 таси ишга туширилганига 21-40 йил бўлган.
Мутахассис томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, бугунги кунда метро поездларининг ўртача ёши 38 ёшни ташкил қилади. Ўтган 2021 йил охирида Тошкент метрополитени инфратузилмасига мос бўлган 5 та, жорий йилда 14 та тўрт вагонли метро поездлари олиб келиниши режалаштирилган эди. Шунда поездларнинг умумий сони 80 тага етказилиб, метро поездларининг ўртача ёши 38 ёшдан 26 ёшга қисқартирилиши белгиланган.
Шунингдек, Абдутоҳир Абдуқодировнинг сўзларига кўра, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида эски вагонларни ҳам капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2022 йилда 10 та вагонни капитал таъмирдан чиқариш режалаштирилган. Белгиланган тартибга кўра, поездлар ҳар 6 соатда техник кўрикдан ўтказилади. Уларни капитал таъмирлаш муддати – 31 йил. Ҳозирда 23 та шундай ўз муддатини ўтаган вагонлар мукаммал таъмирдан чиқарилиб, йўловчилар учун хизмат қилмоқда.
Қайд этилишича, ходимлар томонидан 24 соат давомида метродаги йўловчиларнинг хавфсизлиги учун ҳаракат қилинади. Техник носозликлар кузатилганда мутахассислар томонидан компьютерлаштирилган тизим орқали текширилади ва камчилик бартараф этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА