Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Метро бекатларининг бугунги кўриниши қай аҳволда?
17:33 / 2021-05-04

Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади. Кейинги бекат, Ғофур Ғулом!

Пойтахтимиздаги ер ости метросининг ҳар бир бекатида янграйдиган ушбу сўзлар, деярли барча йўловчилар учун бирдек ёқимли. Ғофур Ғулом номини эшитган ёш болаларда бу инсон ким бўлган экан, деган савол туғилса, хорижлик сайёҳларда тезроқ ўша бекатни кўриб, ёзувчи ҳақида тасаввурга эга бўлиш иштиёқи кучайиши табиий.

Эҳтимол кимдир метро бекатларига йўловчилар чиқиб-тушадиган оддий станция сифатида қарар. Аммо улар одамларга эстетик завқ берадиган, маънавиятини бойитишга хизмат қиладиган музейлар вазифасини ҳам ўтайди. Бекатлардаги суратлар, турли композицияларни кўрган сайёҳларнинг юртимиз тарихи ҳақидаги таассуротлари бойиши табиий.

Хўш, пойтахтимиздаги ер ости метро бекатларининг бугунги кўриниши қандай? Аҳволни кузатиш мақсадида метронинг Ўзбекистон йўли бўйлаб саёҳат уюштирдик.

 Бекатда дарс тайёрлаётган талабалар

 «Дўстлик» ва «Машинасозлар» бекати ўзига хос меъморчилик намуналари билан бойитилган. «Тошкент» бекатида халқимизнинг яшаш тарзи, ҳаёти, урф-одатларини акс эттирувчи суратлар мужассам. Ойбекда нақш ўймакорлиги, «Космонавтлар»да эса коинотга урғу берилган. Одам бу ерда истаганича ўтириб китоб ўқиши, ҳаттоки дарс тайёрлаши ҳам мумкин. Йўловчи талабалар билан суҳбат жараёнида уларнинг кўпчилиги сессия пайтида айнан «Космонавтлар» бекатига келиб дарс тайёрлашини, бу ерда одам ўзини хотиржам ҳис қилишини билиб олдик.

«Ўзбекистон» бекатида ганч-ўймакорлиги, Алишер Навоийда эса Навоийнинг «Ҳамса» асаридаги 5 та достон қаҳрамонлари сурати моҳирона чизилган. Ушбу бекатга кирган ҳар бир йўловчи онгида Навоийнинг машҳур асари ҳақида таассурот уйғониши табиий. «Тинчлик» бекатидаги манзара ҳаммасидан ҳам ажойиб. Деворлардаги суратларда тинчлик рамзи бўлмиш қалдирғоч сурати акс этган.

 Машҳурларнинг ижодидан намуналар берилса...

 Ўзбекистон йўлининг биз саёҳат уюштирган мазкур бекатларидаги учта станция ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Булар Ойбек, Ғофур Ғулом ҳамда Беруний бекатлари. Ушбу бекатларда машҳур инсонларнинг ижодидан деярли намуналар йўқ.

«Дўстлик» бекати ходими Раҳима Исабоеванинг таъкидлашича, бекатлардаги алоҳида рамзларга кўпроқ ёш болалар, мактаб ўқувчилари эътибор беришар экан.

– Иш жараёнида кўп бора кузатганман, айниқса, «Космонавтлар» бекати болажонларда ўзгача қизиқиш ўйғотади, – дейди Р.Исабоева. – Чунки болалар одатда жудаям тез фикрлашга мойил бўлишади. Девор ҳамда бекат шифтидаги тўқ кўк ранглар билан бойитилган коинотга кўзи тушгач, дарров ота-онасини саволга тортади.

Фикримизча, «Космонавтлар» ҳамда Алишер Навоий бекатидаги ташаббуслар бошқа бекатларда ҳам давом эттирилса яхши бўларди. Ўзбекнинг забардаст ёзувчиси Ғофур Ғулом номидаги бекатга ёзувчининг машҳур «Нетай», «Шум бола», «Ёдгор» каби қиссаларидан лавҳалар қўйилса, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек номи берилган бекатга ҳам ёзувчининг «Қутлуғ қон», «Навоий», «Қуёш қораймас», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар» номли романлари ҳақида тасаввур уйғотувчи суратлар қўйилса ҳамюртларимизда уларнинг ижодига қизиқиш янада ортиб борармиди?

 Ер остидаги «музей»лар

 Ўзбек мутафаккир олими Абу Райҳон Беруний номидаги бекат фалакиёт, физика, риёзиёт, илоҳиёт, маъданшунослик фанларига қўшган ҳиссасини ифодаловчи суратли композициялар билан бойитилса. Ҳозирги ҳолатда ушбу бекатнинг девор ва том қисмлари оддий нақш ўймакорлигидан иборат. Олимнинг ижодини ифодаловчи рамзлар деярли йўқ.

Бизда эса хулоса шундай: ер ости бекатига тушган ҳар бир одам борки то манзилига етиб боргунича ўзини худди музейлар ичида юргандек ҳис этсин. Қалбида юртига нисбатан фахр туйғуси уйғонсин.

 Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА