Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби ўқитувчилари ташаббуси билан Тошкент метрополитенининг Алишер Навоий бекатида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришга бағишланган “Чексиз илҳом” номли кўргазма бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазманинг метро бекатида ташкил этилгани унга ўзгача мазмун ва замонавий руҳ бағишлади. Санъат анъанавий галерея деворларидан чиқиб, шаҳар ҳаётининг энг гавжум ва ҳаракатдаги нуқтасига олиб кирилди. Натижада ижод ва кундалик ҳаёт, эстетик тафаккур ва урбан муҳит ўзаро уйғунлашди.


Кўргазмада ёш дизайнерларнинг архитектура йўналишидаги инновацион лойиҳалари, концептуал макетлари ҳамда миллий ва замонавий услубларни мужассам этган ишлари намойиш этилди.
Ҳар бир ижод намунасида устознинг тажрибаси ва шогирднинг изланиши, анъана ва янгиликнинг мустаҳкам боғлиқлиги яққол сезилди.


Тадбирда қайд этилганидек, “Чексиз илҳом” нафақат ижодий ишлар тақдимоти, балки маҳорат мактаби, тажриба алмашинуви ва маданий мулоқот майдонига айланди.
Ушбу кўргазма ёш авлод қалбида санъатга муҳаббатни янада кучайтириб, устоз-шогирд анъанасининг бардавомлигини намоён этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА