Ёзнинг иссиқ кунларида ҳаво ўзгариб, осмонда булут пайдо бўлса, кўпчилик инсонлар ўзини жуда ёмон ҳис қилади.
Айримларнинг организми эса ҳатто бундай кунлар яқинлашаётганини аввалдан сезади: кайфияти ўзгара бошлайди, бўғимларида оғриқ, ҳолсизлик, тез чарчаш, уйқучанлик, асабийлик кузатилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, тананинг бу каби об-ҳаво ўзгаришига реакцияси “метеорологик қарамлик” деб аталар экан. Яъни бу организмнинг нормал ишлаши ва ўзгарувчан муҳитга мослаша олишининг белгисидир.
– Аммо баъзи одамлар ушбу ҳолатга бошқалардан кўра кўпроқ сезгир бўлади, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Алимов Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига берган интервьюсида. – Улардаги сурункали касалликлар аломатлари эса айнан булутли кунларда янада зўраяди. Мисол учун, 30 даража иссиқда ва 70 фоиздан ортиқ намликда тана совиб, юрак-қон томир тизими одатдагидан кўра кўпроқ ишлашга мажбур бўлади. Бундай пайтда кўп терлаш оқибатида томирларда қон миқдори камайиб, мияга кислород етиб бориши қийинлашади. Шунингдек, ўзгарувчан об-ҳавода юрак мушаклари, бош мия, кўз томирлари ва буйракда ўзгаришлар рўй беради.
Орқа мия ва бўғимларда оғриқлар, қон босимининг кўтарилиши, нафас олиш ва асаб тизими муаммолари кузатилади. Ушбу ҳолатларга асосан сурункали касалликлар билан оғрийдиган ёши катта инсонлар, чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи шахслар, бош жароҳати ва суяк-бўғим хасталикларига чалинган беморлар ҳамда фаол турмуш тарзига эга бўлмаган кишилар дуч келади. Қолаверса, жуда кўп ёғли таомлар истеъмол қилувчи инсонлар, меъёрдан ортиқ қаҳва ичадиганлар ҳам хавф гуруҳига киради. Энг ёмони, метеорологик қарамлик прогрессив хасталик бўлиб, вақт ўтиши билан унинг аломатлари кучаяди ва бемор нохуш ҳолатларни янада оғирроқ ҳис қилади.
Агар инсон ушбу босқичда ўз саломатлигига жиддий ғамхўрлик қилмаса, ёмон оқибатларга, хусусан, инсультни бошдан кечириши мумкин. Шундай экан, бунинг олдини олиш учун албатта шифокорга кўриниш ва унинг тавсияларига амал қилиш лозим. Тоза ҳавода сайр қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, таомномага кўпроқ мева-сабзавотларни киритиш ҳам бу муаммонинг олдини олишда катта ёрдам беради. Ош тузи, дудланган, консерва ва аччиқ егуликларни камроқ истеъмол қилган маъқул. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида жуда тўйиб овқатланмаслик, аксинча кўпроқ сув ичиш тавсия этилади. Егуликларда аскорбин кислотаси (витамин С), каротин (витамин А), минерал моддалар, тўйинмаган ёғ кислотаси миқдори етарли бўлиши муҳим.
Бундан ташқари, иммунитет, юрак-қон томир ҳамда ҳазм тизимларини мустаҳкамлаш ҳақида қайғуриш лозим. Агар иссиқ ва дим ҳавода таъсирчанлик ортса, бундай инсонларга организмни кислород билан тўйинтиришга ёрдам берувчи жисмоний машқлар – сайрга чиқиш, нафас гимнастикаси, пиёда юриш, танани совуқ сув билан артиш тавсия қилинади. Чидамлиликни ошириш учун бассейнда чўмилиш, эрталабки бадантарбия машғулотларини канда қилмаслик ҳамда оёққа совуқ ва илиқ сувли ванна қилиш ҳам муаммони бартараф этишга ёрдам беради.
М.Қосимова, ЎзА