Метан газ қуйишдаги муаммолар ноқонуний бензин савдосига йўл очмоқда
Фарғона вилоятида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида кузатилаётган узундан узоқ навбатлар сабаб фуқароларнинг бензинга бўлган талаби ҳам кескин ортаётгани айни ҳақиқат. Бунинг ортидан эса катта йўл бўйларига елим идишларини (баклажка) қўйиб, ўзининг бензин сотаётганини билдираётган “ҳожатбарор”лар кўпайиб кетди.
Фарғона вилоятида автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларида кузатилаётган узундан узоқ навбатлар сабаб фуқароларнинг бензинга бўлган талаби ҳам кескин ортаётгани айни ҳақиқат. Бунинг ортидан эса катта йўл бўйларига елим идишларини (баклажка) қўйиб, ўзининг бензин сотаётганини билдираётган “ҳожатбарор”лар кўпайиб кетди.
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан масъул идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 30 ноябрь ва 1 декабрь кунлари вилоят ҳудудида фаолият юритаётган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) даги бензин савдоси, яъни унинг истеъмолчиларга ўз вақтида ва сифатли етказиб берилиши, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан ноқонуний равишда (қўлда) сотилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Бу ҳақда бошқарманинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Фарғона шаҳрида жойлашган “Фарғона нефт базаси”га қарашли иккита АЁҚШда, шунингдек, “АЛ ҲОКИМ” хусусий фирмаси ҳамда “АЛБАРРУ” МЧЖларда ҳам юқори сифатли AI-91 турдаги автобензин сотилаётгани маълум бўлди. Ушбу АЁҚШ раҳбарларига ФВВ ЁХБ томонидан бензин маҳсулотларини елим идишларда сотилишига йўл қўймаслик ҳамда жавобгарлик масъулияти юзасидан зарур тушунтиришлар берилди.
Вилоятнинг турли нуқталарида ўтказилган ўрганишларда юқорида таъкидлаб ўтганимиз, фуқаролар “оғирини енгил қилаётган ҳожатбарорлар” ҳам аниқланди.
Мисол учун, Фарғона тумани “Шифокор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи С.Г. ноқонуний тарзда бензин савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, 42 литр бензин, Учкўприк тумани “Кенагас” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.К. қиймати қарийб 600 минг сўмлик 100 литр солярка маҳсулотларини сотаётганликлари аниқланди.
Икки кун давомида ўтказилган ўрганишларда ҳеч бир ҳужжатсиз, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган тарзда қўлда сотилаётган қарийб 1,5 миллион сўм қийматдаги салкам 300 литр бензин далилий ашё сифатида олинди ҳамда далолатнома расмийлаштирилди.
Албатта, исталган турдаги тадбиркорлик билан шуғулланишга ҳеч ким қаршилик қилмайди, муҳим шарти мазкур фаолият қонун доирасида бўлмоғи лозим. Айтишингиз мумкин, “Қўлда бензин сотаётган фуқаролар 5-10 литр бензин сотиб 3-4 сўм пул топса топибдида!”. Лекин нефть маҳсулотларининг тез ёнувчан эканлигини инобатга оладиган бўлсак, танганинг иккинчи томонини ҳам унутмаслигимиз лозим, ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган шароитда сотилаётган нефть маҳсулотлари кутилмаган бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши, кимнингдир ҳалок бўлишига сабаб бўлиши мумкин.