Бекобод шаҳрида “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан Янги йил байрамига бағишланган тадбир юқори савияда ўтказилди. Унда Бошқарув раиси – Бош директор Баҳодир Абдуллаев ўтган йил давомида корхона фаолияти ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, “Ўзметкомбинат” АЖда 2025 йил якуни билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 700 минг тоннадан ошириш кутилмоқда. Ўтаётган йилда умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик 3 та лойиҳа доирасида 39,5 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилди.
Комбинатда 2026 йилда ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, 1 миллион 60 минг тоннага етказишни режалаштирилмоқда. Шу даврда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 24 турдаги лойиҳалар амалга оширилиши, натижада ўсиш суръати 183 фоиз бўлиши кутиляпти.


Қайд этилганидек, Президентимизнинг мурожаатномасида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масаласига хам алоҳида урғу берилди. Бу ёндашув бугунги глобал рақобат шароитида тўғри ва муҳим йўл эканини яна бир бор тасдиқлайди. Комбинат жамоаси олдига қўйилган вазифалар ҳам айнан юқори қўшилган қиймат яратиш, энергия самарадорлигини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган.


— Келгусида комбинатимиз қошида технопарк ташкил қилишни мақсад қилганмиз. Унда 10 дан зиёд инвестиция лойиҳалари барпо қилинади. Натижада 2 минг нафардан ортиқ бекободликлар иш билан таъминланади. Бундан ташқари, фаолиятимизда замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан самарали қўллаймиз. Бу орқали сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришамиз, — дейди “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти раҳбари Баҳодир Абдуллаев. Тадбирда Бекобод шаҳар ҳокими Насрулла Бабаев ҳам сўзга чиқиб, металлурглар меҳнатининг саноат ривожидаги аҳамиятини эътироф этди. Тадбирнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар иштирок этиб, байрам дастурига кўтаринки руҳ бағишлади. Шунингдек, болаларга байрам совғалари тарқатилди.


А. Мусаев, ЎзА.