Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мерос талашувчилар кўпаймоқда. НЕГА? Йўқчиликданми ёки тўқчиликдан...
18:49 / 2022-11-05

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида, мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Маълумки, мулкдор бу каби барча ҳуқуқлардан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади.  

Мерос мулки билан боғлиқ низолар судлар томонидан кўрилаётганда, суд амалиёти таҳлилидан аниқланишича, бундай низолар асосан амалдаги қонун талабларини билмаслик туфайли келиб чиқмоқда. Оқибатда, ворислар бир-бирларининг қонуний ҳуқуқларини тан олишни истамайдилар.  

Лекин, мерос низоси бир тарафнинг иккинчи тараф қонуний ҳуқуқларини тан олиш билан боғлиқ эканини ҳам ёддан чиқармаслиги керак. Суднинг қонуний  ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин ҳам низо барҳам топмаган ҳолатлар ҳам учраб туради. Афсуски, фақат суднинг адолатли қарори билангина қон-қариндошлар муносабати яхши бўлиб қолаётгани йўқ.  

Судлар томонидан ворислар ўртасидаги мерос низоларини кўриб чиқишда яқин қариндош бўлган ака-ука, опа-сингилларга тегишли ҳуқуқларини тушунтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мерос мулкини талашаётган яқин қариндошларни яраштириш ва низони тинч келишув йўли билан ҳал этишга ёрдам бермоқда.

Мерос масаласи деярли ҳамма халқда, қавмларда бор масала.  

Исломда мероснинг шартлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра, “шарт” – шундай бир нарсаки, агар у мавжуд бўлмаса, унга боғлиқ воқеилик келмайди ва у мавжуд бўлса, ўша воқеилик мавжуд бўлиши ҳам, мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин.

 Меросда учта шарт бор:

 1. Мерос қолдирувчининг ўлими.

 2. Мерос қолдирувчининг вафотидан сўнг меросхўрнинг ҳаёт бўлиши.

 3. Мерос олувчининг мерос қолдирувчига нисбатан ким эканлиги аниқ бўлиши ва насаби тайин бўлиши.  

Мерос деганда вафот этган шахс ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлар кўзда тутилади. Мероснинг ҳукмлари асосан, Қуръони Каримда баён қилинган. Меросхўрлардан кимга қанча улуш мерос тегишини Аллоҳ Таолонинг ўзи баён қилиб берган.

Исломдаги мерос шартлари қонунчилигимизда ҳам акс эттирилган. Бироқ, замонавий ҳаётда ачинарли жиҳати шундаки, мерос мулкини талашаётганларнинг аксариятини катта ёшлилар ташкил этади. Бундай бир-бирига яқин қариндош бўлган ёши улуғ инсонларнинг низолашиб юриши оқибатида, ҳатто уларнинг фарзандлари ўртасидаги муносабатларга ҳам путур етмоқда. Шундай экан, мерос билан боғлиқ низолар нафақат ҳуқуқий, балки маънавий муаммо ҳамдир.  

Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди раиси Шерзодбек Ахунбаев ЎзАга мерос ҳуқуқи ва туманда бу каби низоларнинг ортиши ҳақида сўзлаб берди:  

— Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судида ҳам мерос низолари билан боғлиқ ишлар кўпайиши кузатилмоқда. Мерос билан боғлиқ низоларнинг асосий ёмон тарафи бу яқин қариндошларнинг мол-мулкларни талашишидир. Кўп ҳолатларда, бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар мулк талашишлари оқибатида “юз кўрмас” бўлиб, очиқдан очиқ душманга айланишади. Айрим ҳолларда, мерос билан боғлиқ низолар йиллар давомида давом этиши оқибатида меросхўрлар қимматли вақт ва соғлиқларини йўқотишганини кеч англаб етишади.  

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, суд томонидан даъвогар Х.Х жавобгар М.Х га нисбатан мерос улушини тақсимлаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган. Тарафлар бир-бирига ака-ука ҳисобланади. Уларнинг низоси 13 йил давом этиб келмоқда. Бунинг натижасида, ака-уканинг фарзандлари бир-бирига душманлик руҳида тарбияланиб, вояга етишган. Ака-ука йиллар давомида судма-суд юриб, ниҳоят чарчаб муросага келишмоқчи бўлган вақтда, уларнинг фарзандлари бунга қаршилик қилмоқда. Чунки, бу болалар ёшлигидан отаси ва амакиси ўртасидаги адоват руҳида тарбияланган. 

Натижада, мерос мулки яроқсиз ҳолатга келиб, унинг мулкий қиймати ҳам ўз аҳамиятини йўқотган.  

Ўз навбатида, мерос мулки билан боғлиқ низолар жамиятимизда инсонлар ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатларига зиён етказаётгани ҳақида аҳоли ўртасида судьялар томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, атрофлича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

 

ЎзА