Мерганлик бобида тенгсиз мактаб ўқувчилари
Навоий вилояти Қизилтепа туманида мактаб ўқувчилари ўртасида пневматик қуролдан ўқ отиш мусобақаси ўтказилди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида мактаб ўқувчилари ўртасида пневматик қуролдан ўқ отиш мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қизилтепа тумани ўқув спорт техника клуби томонидан ташкил этилган мусобақада тумандаги 5, 9, 22 ва 34-умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўзаро баҳслашди.
Шунингдек, ўқувчи-ёшларга ЎСТК бошлиғи ўринбосари Р.Тошева томонидан Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони, 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
26 нафар ҳаваскор мерган иштирок этган мусобақада йигитлар ўртасида фахрли 1-ўринни 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Д.Каримов қўлга киритди. 2-ўрин 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ш.Тошпўлатов, 3-ўрин эса 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси С.Раззоқовга насиб этди.
Қизлар ўртасида кечган мерганлик баҳсида ҳам 22-умумтаълим мактаби ўқувчисининг қўли баланд келди. Ш.Жалолова тенгдошларига нисбатан мерганлик бобида тенгсиз эканини исботлаб, 1-ўринни эгаллади. 2- ва 3-ўринлар 9-умумтаълим мактаби ўқувчиларига насиб этди. Жумладан, 2-ўринга С.Шомуродова, 3-ўринга эса Д.Ҳалимова сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.