Мерц Пекиндан ёрдам кутади
Германия Канцлери Фридрих Мерц Хитойдан Россия – Украина можаросини тугатиш учун ўз таъсир кучидан фойдаланишни сўради.
– Хитойнинг овози бутун дунёда эшитилмоқда, ХХР қарорлари беқиёс аҳамиятга эга, – деди у “Phoenix” телеканали эфирга узатган Раис Си Цзиньпин ва Бош вазир Ли Цян иштирокидаги музокарадан сўнг. – Пекин вазиятга таъсир қила олади, чунки Хитойнинг фикри Москвада жиддий қабул қилиниши маълум. Бу ҳам сўз, ҳам амалга тегишли.
Мерц Хитойнинг глобал тинчликка содиқлигини олқишлаб, шу асосда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан умидворлигини билдирди.
Ўз навбатида, Хитой раҳбари РФ – Украина зиддиятига мулоқот орқали ечим топиш, томонлар хавотирини ҳал қилиш ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА