«Тадбиркор аёл» ассоциацияси ва Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган янги лойиҳа «Ўзбекистонда тадбиркор аёллар ва ёш хотин-қизлар учун менторинг (устозлик) дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатиш» деб номланди.
Лойиҳа Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида истиқомат қилаётган аёлларни қамраб олади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – фермер аёллар ва ёш тадбиркор хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган, – дейди «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. – Бунда ассоциациянинг илғор фермер аёлларининг тажрибаларини менторлик (устозлик) қилиш орқали шогирдларга ўргатиш ва келажакда ўз бизнесларини очишга кўмак беришдан иборат.

ВМТТД экспертлари тадқиқот ўтказиш натижасида экспорт ва янги иш ўринларини яратиш учун энг юқори салоҳиятга эга бўлган маҳсулот турларининг бештасини аниқлаб олдилар. Шундай қилиб, ташқи бозорда намойиш этиладиган бешта витамин маҳсулот танланди.
Демак, қуритилган мева ва ёнғоқ аралашмаси, қуритилган мева ва ёнғоқлардан тайёрланадиган снеклар, қуритилган сабзавотлар, ёнғоқ ва ерёнғоқ пастаси, донли дуккакли маҳсулотлар (мош мисолида), мурабболар ва мевадан тайёрланган пюре.
Экологик тоза маҳсулотлар тайёрлаш ички ва ташқи бозорни тўлдириш, аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш, шубҳасиз, Ўзбекистон иқтисодиётини ўсишининг ижтимоий ва экологик барқарор моделини янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади.
Яна бир муҳим жиҳати – лойиҳада тадбиркор аёллар ва ёшларни мақсадли қўллаб қувватлаш кўзда тутилган. Лойиҳа давомида ментор-менти, яъни Усто-шогирднинг ноёб дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Муваффақиятга эришган ишбилармон тадбиркор-мураббийлар тадбиркорлик асосларининг ёш қизлар-ментига (шогирд) ўргатадилар. Ҳар бир ҳудудда ўттиздан ортиқ ёш қизларимиз мураббийлар томонидан ўқитилади.
Ўтказилган тренинглар натижасида 90 нафардан ортиқ менти-шогирдлар хушбўй маҳсулотларининг бешта номларидан бирини ишлаб чиқиш ва оммабоп қилиб чиқариш асосида ўз бизнесларини йўлга қўйишади.
Бизнеснинг бўлажак маликалари
Лойиҳа Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида истиқомат қилаётган аёлларни қамраб олади.
Жорий йилнинг 14 июль куни Наманганда «Тадбиркор аёл» Ассоциацияси ҳамда Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда савдога кўмаклашиш» қўшма лойиҳасига старт берилди.
Биринчи учрашувда ВМТТД вакиллари, «Тадбиркор аёл» ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган 60 нафар аёл ва қизлар қатнашишди.
Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишининг биринчи босқичи сўровнома орқали қатнашчиларни саралаш билан бошланди.
Мақсад – ассоциациянинг илғор фермер аёлларининг тажрибаларини менторлик (устозлик) қилиш орқали менти (шогирд)ларга ўргатиш ва келажакда уларга ўз бизнесларини очишга кўмак беришдан иборат.
Фарғонада Устоз-шогирд анъаналари
Фарғонада ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган олтмиш нафар хотин-қизлар жам бўлишди. Йиғилган ишбилармон аёллар «Фарғона водийсида тадбиркор аёллар ва ёш хотин-қизлар учун менторинг дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатиш» лойиҳасининг фаол иштирокчиларига айланди.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра менторлик-устозлик қила оладиган кучли тадбиркорларни аниқлаш билан бир қаторда ментилар, яъни шогирдлар ҳам аниқлаб олинди. Лойиҳа давомида уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятларини янада ошириш учун янги ўқув модулларини қўллаш назарда тутилган.
Мақсад – қишлоқ жойларда маҳаллий ишлаб чиқаришда экологик тоза маҳсулотларни танлаш, маҳсулот сифатини ошириш ва янги иш ўринлар яратишдан иборат.
Андижонда янги қўшма лойиҳа
Андижонда таклиф қилинган 60 нафар тадбиркор аёллар орасидан кучли мураббий ва бир гуруҳ шогирдлар малака ошириш учун аниқланди. Лойиҳа якунида танланган тадбиркорларимиз мош, қуритилган сабзавот ва мевалар, ёнғоқ ва ер ёнғоқдан тайёрланган пасталар ва мурабболар тайёрлашда моҳир усталарга айланишига умид катта.
Муваффақиятли бизнес-режа тақдим этган менти-шогирд учун яна битта янгилик бор. У ҳам бўлса «Тадбиркор аёл» ассоциацияси тадбиркорлигини ривожлантириш учун молиявий кўмак беришни режалаштирган. Қўшимча бонус БМТТД ташкилотидан – халқаро ташкилот зарур асбоб-ускуналар билан таъминлашга тайёр.
Нигора Раҳмонова, ЎзА