Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Менинг президентим – менинг фахрим
18:05 / 2023-10-16

Одам боласи ҳар нафасда эркинликка, ҳурриятга интилади. Лекин бу неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермас экан. Биз биламиз – халқимиз жудаям узоқ давом этган мустабитлик замонини бошидан кечирди. Ўта пухталик ва режа билан миллий қадриятлардан жудо қилинаёздик. Шўро салтанати эса, имломизни ўзгартирди. Бу – шу даражада катта йўқотиш – талофат эдики, кейинги авлод, натижада ўз ўтмишига лоқайд даражага етди.

Бир ярим аср давомида чеккан азиятлар, айниқса, кейинги мустабитлик даври жароҳатлари, асоратлари айтган билан адо бўлмайди. Аммо истиқлол чўққиларидан туриб ўша мустабид замонни, унинг жароҳатлари, асоратларини эсламаслик мумкин эмас.

Чунки, ана шундай қилганимизда, яъни кеча билан бугунни таққослаганимизда, мустақиллик неъматларининг қадрига етамиз.

Ўтган 30 йил мобайнида мустақил давлатимиз, миллатимиз, жуда қийин ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Айниқса, мустақилликнинг дастлабки йиллари жуда қийин бўлди. Шўро “иттифоқи”нинг ночорликда парчаланиши туфайли, мамлакатимизда атайин марказлаштирилган таъминот тўхтаб қолди. 

Биргина мисол: Ўзбекистоннинг тупроғи олтинга тенг бўлган билан мамлакатимизда деярли ғалла етиштирилмас, пахтадан мўл ҳосил олиш учун ҳам ёқилғи – мойлаш материаллари марказдан олиниши керак эди. Ана шу марказлашган тизим издан чиққандан сўнг, Ўзбекистонда хўжалик юритиш қандай аҳволга тушиб қолганини кўз олдингизга келтираверинг. 

Ана шу оғирликларнинг бари Республикамиз ҳукумати елкасига тушди.

Халқимизда “Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак”, деган мақол бор. 

Эҳтиёжни қондириш жуда жуда қийин масала эди. Ўзингиз биласизки, бундай тақчиллик шароитида жиноий унсурлар фаоллашиб қолади...

Мамлакатимизда олиб борилган адолатли, изчил ва барқарор сиёсат мустақил мамлакатимиз тепасида айланган ўша қора булутларни тарқатиб юборди.

Яхши эслайман, ўша йиллари ўзларини миллатпарвар деб эълон қилган “демократлар”: “Ўзбекистон халқи ҳаммадан кўп нон истеъмол қиладилар!” деб дод солган эдилар, қаранг-а! Ахир, нондан ҳам азиз неъмат бўларканми? 

Ўша таҳликали замонда ва ундан кейин ҳам мамлакатимиз, ҳалқимиз тинчлиги, хотиржамлиги таъминланди. Ана шу ҳақиқат барча ютуқларимизнинг бош омили, мустаҳкам пойдевори бўлди.

Ҳозир ҳам “ундоғ-бундоғ!” деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Баъзан шу сингари “миллатпарвар”ларнинг тилини қарғалар чўқисин дегим келади. Нега? Маълумингизким, Сурхондарё мамлакатимизнинг энг жанубий, демакки, нисбатан олганда, пойтахтдан узоқ вилоятлардан бири. Аммо бизнинг воҳада ҳам Асаканинг машиналари кўчага сиғмай кетди. Бу иқтисодий – ижтимоий барометрдир! Ҳалқимизнинг иқтисодий аҳволини шундан ҳам билса бўлади. 

Айниқса, кейинги йиллар...

Тарихий нуқтаи – назардан олганда кейинги 6-7 йилда мамлакатни, унинг аҳолисини ана шундай фаровонликка эриштирган Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев билан фахрланмаслик мумкинми!? 

Бугун кўз олдингда содир бўлаётган воқеаю ҳодисаларни кўриб қалбинг ғурурга тўлади. Ахир, Сурхондарёю Хоразм, Қорақалпоғу Андижон, Сирдарёю Жиззах, уларнинг орасида Берлину Қатар, Москваю Нью-Йорк, Малазияю Сингапур - санайверсанг бошинг айланиб, кўзинг тиниб кетади – миллиард-миллиард инвестициялар келмоқда. Тошкент вилоятида дунёда энг катта бўлган “Ёшлик” олтин конининг, Қорақалпоғистонда темир конининг очилиши, Янги Тошкент лойиҳасининг тасдиқланиши… ҳаммасини ҳисобига етиш анча қийин. Тўғри, бунинг барчасида ўзимизнинг меҳнаткаш халқимиз, хорижда ўқиб-ўрганиб келган ёш мутахассис-олимлар фаол иштирок этишмоқда. Лекин ўн қўшчига бир бошчи, деган халқимизнинг доно гапи бор.

Сурхондарё – Ўзбекистон вилоятлари силсиласида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу жанубий вилоятда Ҳамдўстлик давлатларида биринчи бўлиб бодому ўрик гуллайди, қулупнай етилиб, арпа, буғдой пишади. Диёримизга баҳор ҳам шу вилоятдан кириб келади. Вилоятнинг республика ижтимоий-иқтисодий сиёсатида ҳам ўрни катта. Бу ерда республикада ягона дарё флоти мавжуд. Тинч ва нотинч бўлган Афғонистон билан чегарамиз ҳам шу вилоятдан ўтади. 

Мен ёши саксондан ошган қариялар қаторида кўп раҳбарларни кўрганман. Лекин ўзи ҳам тинчимайдиган, ўзгани ҳам тинч қўймайдиган раҳбарлар кам бўлади. Ҳассос шоир Миртемирнинг: “Мен сени тинчитмайман ва лекин инжитмайман” деб бошланадиган шеъри - мен сени ўз ҳолингга қўйиб қўймайман, сен яратувчилик иши билан банд бўласан, айни бир пайтда айнишингга, ўзга йўлга кириб кетишингга, бузилишингга ҳам йўл йўқ, лекин янги турмушни, Янги Ўзбекистонни белни маҳкам боғлаб бирга яратамиз, деган маънони англатувчи шеърлари худди шу бугунги кунга атаб ёзилганга ўхшайди. 

Президентимизнинг чуқур ўйланган, халқ манфаатлари ҳисобга олинган барча амалий, тинимсиз ишлари ҳамда Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари ҳар қанча таҳсинга сазовор.

2020-2023-йиллар Ўзбекистон учун турли воқеаларга бой, барча соҳада жадал ривожланиш даври бўлди. Ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий соҳаларда, халқаро муносабатлардаги улкан ижобий ўзгаришлардан хорижликлар ҳам ҳайратга тушмоқда.

Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат шарофати билан Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, миллат қиёфаси салобатлашиб, улуғворлашиб, кўркамлашиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир.

Умуман, сўнги йилларда мамлакатимиз эволюцион ўзгаришлар сари юз бурди. Ўзбекистонимиздаги янгиланишлар, ҳеч муболағасиз, ҳар биримизни тўлқинлантирмоқда. 

Шунинг учун мен айтаман: Менинг Президентим – менинг фахрим! Юртбошимиз раҳбарлигида Ватанимиз қиёфаси кун сайин ўзгариб бормоқда. Бундай қутлуғ юмушлар мудом барқарор бўлғусидир!

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

ЎзА