French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Менинг обод ва файзли маҳаллам
13:51 / 2022-08-05

Навоий вилояти Хатирчи тумани “Хўжақулобод”, “Тошқулоқ”, “Кўксарой” маҳаллалари фаоллари томонидан билдирилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили вилоят минтақавий вакили, Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят бўлинмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Юртимизда жамиятда фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни изчиллик билан амалга ошириш мақсадида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилига асосланган Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Ушбу жараёнларда қарорлар қабул қилишда аҳолининг барча қатлами иштироки муҳим саналади ва 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг энг муҳим жиҳати ҳам айнан шу билан боғлиқдир. 

– Ўтказилган муҳокамада фаоллар томонидан қишлоқ оилавий поликлиникасида қўшимча даволаниш ўринлари (койка) сонини кўпайтириш, электр кучланиши пастлиги, маҳалла йўлларини шағаллаштириш, ёритиш чироқлари ўрнатиш, экинларни суғориш мақсадида қудуқларни ишга тушириш, маҳаллалар ҳудудини кўкаламзорлаштириш, “Кўксарой” маҳалласи биносини янгидан қуриш, оғир турмуш шароитидаги фуқароларнинг уйларини таъмирлаш ва бошқа масалаларни жамоатчилик ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари билан ҳамкорликда ҳал этиш вазифаси ўртага ташланди, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Ушбу масалалар бўйича маҳаллалар фаоллари, ҳомийлар томонидан зарур ёрдам кўрсатиш таклифи билдирилгач, “Менинг обод ва файзли маҳаллам” ижтимоий лойиҳаси илгари сурилди. Лойиҳа доирасида юқорида билдирилган таклифлар асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига старт берилди.  

Лойиҳада ўз маҳалласи ободлигига бефарқ бўлмаган ёшлар, нуронийлар, тадбиркор ва фермерлар фаол иштирок этмоқда. Ушбу лойиҳа маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди ва барча йўналишларда зарур кўмак кўрсатилиши таъкидланди.  
 

Абдували Бўриев, ЎзА