Бугун Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 9-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир “Менинг мактабим” лойиҳаси доирасида фаол иштирок этган мактаблар ҳамда “Энг қизиқарли лойиҳа” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда вазирликлар масъуллари, таълим муассасалари ўқитувчилари, ўқувчилар ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат бюджети сиёсати департаменти бошлиғи Шерзод Муҳаммедов, БМТТД вакили Виктория Аношкина ва бошқалар сўзга чиқиб, “Менинг мактабим” лойиҳаси ёшлар ўртасида ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ишлаб чиқиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда мактаб муҳитини яхшилашга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири эканини таъкидлади.
Маълумки, “Менинг мактабим” лойиҳаси замонавий талабларга жавоб берадиган инновацион ёндашувларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, жамият ва соҳадаги асосий муаммоларни самарали ҳал этиш имконини беради. Лойиҳа натижалари, фойдали маълумотлар, янги тажриба ва технологияларнинг жорий қилиниши соҳани ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, ҳамкорлик ва қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтиради.
БМТТД вакили Виктория Аношкина қайд этганидек, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларини фаол ривожлантириш бўйича халқаро тажриба чуқур ва атрофлича ўрганилди. Шу билан бирга, тайёр универсал ечимлар мавжуд эмаслиги ва ҳар бир давлат ўзининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мустақил ёндашувларни шакллантиришига эътибор қаратилди.
–“Менинг мактабим” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида махсус портал ишлаб чиқилиб, унинг техник жиҳатдан ишга туширилишига кўмаклашилди. Айни пайтда мазкур платформа ташаббусларни илгари суриш, лойиҳаларни жойлаштириш, муҳокама қилиш ва саралаш жараёнларини амалга ошириш учун асосий инфратузилма вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, аҳоли учун тушунтирув ва ахборот материалларини тайёрлаш, иштирокчиларни жараёнга жалб этиш, лойиҳаларни тақдим этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва овоз бериш механизмлари бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бу мақсадда буклетлар, мобиль иловалар, викториналар ва бошқа интерактив форматдаги материаллар ишлаб чиқилиб, фойдаланувчилар учун қулай имкониятлар яратиляпти. Айниқса, бунда мактаб ўқувчилари иштирокидаги фаолликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, рақамли кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қўшимча ахборот ресурслари ишлаб чиқиш ишлари изчил давом эттирилмоқда, – деди В.Аношкина.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, лойиҳа бўйича бу каби саъй-ҳаракатлар ўзининг дастлабки ижобий натижаларини беряпти. Илк муваффақиятлар мазкур ташаббуснинг тўғри йўналишда ривожланаётганини кўрсатмоқда. Лойиҳа ғолиблари эришган натижалар ҳам бунга яққол мисолдир.
Хусусан, Юнусобод туманидаги 9-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳам “Менинг мактабим” лойиҳасида иштирок этиб, ғолиб бўлишди.
[gallery-27811]
–Аввало, танловда лойиҳамиз эътироф этилганидан хурсандмиз. Биз танлов ғолиби бўлиб, VR кўзойнаклар ва работотехника қурилмалари совриндорига айландик. Синфдошларимиз билан VR қурилмаларини созлаш ва чуқурроқ ўрганишни бошладик. Бу бизга олдин мумкин бўлмаган фан бўлимларини ўрганиш имконини беради. Хусусан, VR кўзойнаклари билан инсон ва ҳайвонлар анатомиясини батафсил ўрганиш, кимё ва физика фанларидан хавфсиз тажрибалар ўтказиш мумкин. Бу қурилмалар информатика, кимё, физика, инглиз тили ва бошқа фанлар дарсларида кенг қўлланилади. Муҳими, бу атроф-муҳит, сув ости дунёси, гидросфера ва литосфера ҳақида кенгроқ билим олишимиз учун катта иконият яратади, – деди мазкур мактабнинг 11-синф ўқувчиси Султонбек Рустамжонов.
Тадбир якунида лойиҳа ғолиблари тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА