Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани “Беруний” МФЙда “Менинг маҳаллам – менинг уйим” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда турли спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишсиз фуқароларнинг бандлигига қўмаклашиш мақсадида “Меҳнат ярмарка”си ташкил этилди. Вазирлик ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тумандаги ишсиз, шунингдек "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ҳамда "Темир дафтари"га киритилган фуқароларга субсидиялар ажратилди. Тадбирда субсидиялар ўз эгаларига топширилди.
Жумладан, 9 нафар тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ишсиз фуқарога инкубатор қурилмасини харид қилиш учун 5,8 млн. сўм, оқ-турп полиз экини экишга ихтисослашган Хўжа-пискент МФЙдаги 26 нафар фуқарога уруғ харид қилиш учун 11,7 млн. сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, 50 та хонадонда банд бўлмаган фуқароларнинг томорқадан унумли фойдаланиши учун енгил конструкцияли иссиқхоналар қурилиши учун 250,0 млн. сўм субсидия ажратилди.
Вазирлик балансида бўлган “Меҳнат гузари”да бўш турган 1 та хона тадбиркор Гулмира Жайнаровага тикувчилик йўналишида фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратилди. Шу билан бирга, тадбиркорга кўмаклашиш мақсадида тикувчилик кооперативи ташкил қилинди, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 24,5 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди. Бу билан “Беруний” МФЙда яшовчи 10 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шу мақсадда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 292,0 млн. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
– Бир неча йил аввал уйда ишсиз эдим, – дейди Наргиза Аҳмедова. – Бугун эса кичик тадбиркорга айландим. Ўз уйимда хотин-қизлар билан биргаликда аёллар ва болалар кийимларини тикаяпмиз. Ҳозир 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган бўлсам, келажакда янада кўпроқ иш ўрни яратмоқчиман

Шунингдек, тадбирда Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган мономарказ “Ишга марҳамат” томонидан: тирноқ безакчиси, косметология, аёллар ва эркаклар сартароши, ошпазлик, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда касб-ҳунарга ўқитиш бўйича машғулот ўтказилди.
Туманнинг “Пахтазор” маҳалла фуқаролари йиғинларида бўш турган бинода ишсиз, шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар учун тикувчилик йўналишида янги иш ўринлари яратиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 80 та тикув машинасини харид қилиш учун жами 1,0 млрд. сўм маблағлар молиялаштирилади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА