Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Менинг кимлигимни эл билса бўлди» — Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжонни эслаб...
17:46 / 2020-11-02

Истеъдодли шоир Омон Матжоннинг вафоти сабаб, адабиётнинг яна бир дилбар ва гўзал шеърият боғи боғбонсиз ҳувиллаб қолди.


Ўзбек адабиётининг яна бир улкан чинори қулади. Бўй-басти билан қулаган бу забардаст чинор зарбидан юраклар фарёд қилди, кўзларга қуйилиб-қуйилиб ёш келди. Чинор қулаганда Хоразм воҳаси ҳам титраб кетди. Видо кўз ёшлари гўё Амударёгача оқиб борди. Дарё тўлқинлари ғамга ботди. Шеърият олами бўзлади. Унинг нурли қаламидан тўкилган теран ва боқий мисралар етим бўлиб қолди.

Истеъдодли шоир Омон Матжоннинг вафоти сабаб, адабиётнинг яна бир дилбар ва гўзал шеърият боғи боғбонсиз ҳувиллаб қолди. Бу боғни Омон Матжон юксак истеъдоди билан яратган эди. У яратган серҳосил, кўркам боғ улуғ шоирлар – Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов боғлари билан ёнма-ён эди. Шоир ёзганидек: «Бу боғлардан бизлар ўтдик, бизнинг издан кимлар ўтар?!»

Хоразмда устоз Эркин Воҳидов билан бўлган катта бир ижодий учрашувда Омон ака қўлини кўксига қўйиб: «Мен ҳеч қачон Эркин Воҳидов билан Абдулла Ориповнинг йўлларини кесиб ўтмаганман», деган эди. Шоирнинг 70 йиллик тўйида устоз Абдулла Орипов айтган сўзлар ҳамон ёдимизда: «Омон Матжон шеърияти аллақачон адабиётимизда катта ҳодиса, улкан воқеа сифатида баҳоланган ва адабиётда ўзининг мустаҳкам ўрнини топган. Тафаккуримизни мудом бойитиб турадиган бу шеъриятнинг умри Хива ёдгорликлари каби жозибали ва боқийдир».

У дастлабки шеърларидан бири «Очиқ деразалар»да шундай деб ёзган эди:

Мен ўз деразамни орзу қиламан,

Ёғдуси, сояси, кулгиси билан...

Шунингдек, у: «шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги» эканини эътироф этиб: «Ҳар гал, ҳар шеъримда, ҳар тепганда қалб – ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби», деб қатъий ният қилиб, улуғ мақсад қўяди. Бугун аён бўлдики, шоир ёрқин ва бетакрор ижоди билан ўз мақсадига тўла-тўкис, ортиғи билан эришди. Ҳақиқатан адабиётда Омон Матжоннинг ўз ижод йўли, ўз овози борлигини аллақачон олимлар, мухлислари ва ҳамкасблари эътироф этганлар. Юрагига «Иймон ёғдуси»ни мустаҳкам жойлаб, қўлидаги қаламни маҳкам ушлаб «Эркин ҳаволарда» олис-олисларга парвоз қилди. Унинг шеърлари Хоразм мусиқаси каби юксак ноталарга кўтарилиб, авж пардаларда ҳамон янграётир.

Омон Матжон ўзи туғилиб вояга етган Хоразмнинг чин фарзанди сифатида, бу муқаддас тупроқни, кўҳна юртни қувончлари, дарду шодликлари, тарих саҳифаларида кўмилиб кетган нурли лаҳзалари, оҳу нолалари ва буюк алломаларнинг тарихимизга қолдирган қутлуғ изларини, уларнинг боқий меросларини ўз шеърлари, достонлари ва тарихий рисолаларида ғурур ва фахр билан юксак пардаларда тараннум этди:

Ўзбек элим ўлмагайсан дунёда,

Мангу юксак виқор кўрдим Хивада...

Ёки яна бир шеърида:

Ўзбекистон жамолида

Сен нақши нигор, Хоразм.

Жаҳон меҳробида сўзим:

Бор Хоразм, бор Хоразм, –

деб ёзади у.

Биз, Ватанни ғурур билан севишни, севиб ардоқлашни, ардоқлаб улуғлашни, улуғлаб фахр билан юракка жойлашни Омон Матжондан ўрганайлик. Бу шеърият бизга руҳий куч-қувват бағишлайди, томирларимизда миллат бирлиги жўш уради, унинг буюклиги, саховатли замин эканлиги ҳар лаҳзада намоён бўлаверади. Ва жонажон Ўзбекистонимизни янада юксалиб, буюк ғалабаларга чорлаётган манзаралари чизилаверади.

Омон Матжоннинг яна бир бахти шундаки, унинг энг сара шеърларини машҳур ҳофизлар – Отажон Худойшукуров, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов ва бошқа таниқли санъаткорлар ҳам юксак маҳорат билан куйлаган. Айниқса, Ортиқ Отажонов ижросидаги «Умр ўтар, вақт ўтар» қўшиғини инсон умрининг мадҳиясига қиёслаш мумкин.

Умр ўтар, вақт ўтар,

Хонлар ўтар, тахт ўтар,

Омад ўтар, бахт ўтар,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг...

Омон Матжоннинг муҳаббат, севги ва ишқ мавзусида ёзган шеърлари ҳам ўзига хос теран ва бетакрор. Унинг шеърларида поклик, ҳаё, садоқат, меҳр, вафо нозик пардаларда акс этади, ифорли ранглар билан чизилади. Бу ҳароратли шеърий манзаралар ўқувчи қалбига кўчади. Ва сиз ҳам шоирга қўшилиб шивирлайсиз:

Ўртамизда биргина олма,

Гард тегмаган, бирам покиза,

Ҳозирча у рангин бир ҳавас,

Лаб тегса, бошланар мўъжиза...

Адабиёт хазинаси Омон Матжоннинг «Очиқ деразалар», Карвон қўнғироғи“, «Ярадор чақмоқ», «Қуёш йўли», «Сени яхши кўраман», «Гаплашадиган вақтлар», «Минг бир ёғду», «Умр ўтар, вақт ўтар» сингари дурдона китоблари билан бойиди. Бир қанча шеърий драмалари, тарихий қисса ва бадиалари халқимизнинг маънавий мулкига айланди.

Агар ҳазрат Алишер Навоий ҳаёт бўлганларида улуғ устоз сифатида кўп шоирларни, албатта, имтиҳон қилган бўларди. Табиийки, бу имтиҳондан Омон Матжон юқори баҳо билан ўтарди. Чунки шоир Алишер Навоийни ўзининг пири деб билди. Навоийдан илҳомланиб, «Минг бир ёғду», «Қуш тили» маърифий достонларини маҳорат билан ёзди.

Шоир бир шеърида: «Дилимнинг рангини гул билса бўлди, Менинг кимлигимни эл билса бўлди», – деб битган эди. Эл уни биларди, эл у билан чин дилдан фахрланарди. Элнинг суюкли ва ардоқли фарзанди эди у.

Шу боис, элимиз эъзозлаб, қалбидан унга жой берди. У ҳақиқий элпарвар, ватанпарвар ва халқ шоири эди.

Шу ўринда андак мулоҳаза; шоирнинг умри ва ижоди бир текис ва силлиқ кечди, десак хато бўлади. Омон Матжон нурли ва ёруғ кўчалар, чаман гулзорлар билан бирга тиканли, ғадир-будир йўллардан ҳам мардона ўтди. Лекин ҳеч кимга нолимади, ҳеч кимга гина қилмади. Катта-кичик анжуманларга, давраларга чақирилмагани учун заррача хафа бўлмади. У ўз ижод дунёсига ғарқ бўлиб, жимгина яшаб ўтди. Унинг бебаҳо ва ёруғ дунёси шеър эди. Вужуди шеър сеҳри билан тўлиб, тошган эди. Кўпчилик истеъдодлар йўлида дуч келадиган айрим ғаламислар, кўролмайдиган юраги қора кимсалар унинг тақдир йўлига асло тўсиқ бўлолмадилар. Шоир бир шеърида ёзади:

Азизим, юлдузлар фалакда бахтли,

Инсон ўз қалбида –

Юракда бахтли...

Сен сира ўзингни нурга солмайсан:

«Анавилар борда, ўшалар...» дейсан.

Гулим «ўша»ларга ўчма-ўч очил,

Сенинг учун бугун боғлар бўш, очил.

Уларни қўявер, улар қолмаслар,

Чунки бизлар каби сева олмаслар!..

Шоир «Қуёш соати» китобида шундай ёзади: «Хоразмда тоғлар йўқ эмас, бор! Хоразм тоғлари воҳани тонгда қуёшдан тўсиб қўймаслик учун одамлар қиёфасида яшашади! – Хоразмий, Беруний, Шайх Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ҳожихон Комилжон...»

Бугун Ўзбекистон Халқ шоири, адабиётимизнинг ёрқин намояндаларидан бири Омон Матжон ҳам ана шу юксак тоғлар қаторига қўшилди. Хоразмда яна бир улкан тоғ пайдо бўлди.

Охиратингиз обод бўлсин Омон ака!

Ашурали ЖЎРАЕВ